ЁШЛАР – БАХТИМИЗ БУНЁДКОРИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раислигида шу йилнинг 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишни ошириш бўйича илгари сурилган бешта устувор ташаббусларини ижросини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар дастурига асосан шаҳардаги Академик лицей «Ёшлар маркази»да шаҳар ҳокимлиги, ФЎЎБОФМБ шаҳар кенгаши, шаҳар Ёшлар иттифоқи, Маънавият ва маърифат маркази, Жисмоний тарбия ва спорт бўлими, Маданият бўлими, Халқ таълими бўлими, Касб-ҳунар коллежлари, «Телеком» ОТАЖ шаҳар филиали вакилларидан иборат таркибда шаҳар Штаби фаолияти йўлга қўйилди ҳамда тегишли тартибда компьютер, модемь ва бошқа тарғибот воситалари билан жиҳозланди.

Даставвал шаҳар Штаби фаолиятини мувофиқлаштириш борасида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиб, ҳар бир ташаббус йўналишларига мутасадди ташкилот ва муассасалардан иборат вакиллар бириктирилди. Муҳтарам Юртбошимиз томонидан илгари сурилган бешта устувор ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва унинг ижросини таъминлаш борасида Ишчи гуруҳлари шакллантирилиб, маҳаллалардаги 14-30 ёшгача бўлган 55 837 нафар ёшлар билан белгиланган сўровнома ва жадвал асосида хатлов ва суҳбатлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда шаҳардаги мусиқа мактабларида жами 904 нафар истеъдодли ёшлар таҳсил олмоқда. Ҳар бир мусиқа мактабларида 18 тадан жами 54 та йўналишда тўгараклар ташкил қилиниб, мазкур ўқув даргоҳларида ёшларнинг бир хафталик қамровини 1600 нафарга етказиш борасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бой маданий меросимиз, халқ оғзаки ижоди билан ёшларни яқиндан таништириш ҳамда аския санъатини янада ривожлаштириш мақсадида шаҳардаги 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида ёш сўз усталари иштирокида «Аския мактаби» тўгараги фаолиятини йўлга қўйиш, 8-Болалар мусиқа ва санъат мактабида «Ёш мақомчилар», «Ёш хонанда», «Ёш созандалар» йўналишларида тўгараклар фаолиятини ҳамда 10-болалар мусиқа ва санъат мактабида «Тасвирий ва амалий санъат» йўналишлари бўйича тўгараклар фаолиятини кенгайтириш, шу билан бирга шаҳардаги «Увайсий» кинотетрида «Кино хафталиги» ҳамда Марғилон драма театрида «Ёш томошабинлар кунлари»ни ўтказиш режаси ишлаб чиқилди. Шунингдек жисмоний тарбия ва спорт бўлими томонидан шаҳардаги 1- ва 2- Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, 23 та сунъий қопламали стадионларда ҳамда «Атласчи» ўйингоҳида ёшларни оммавий спорт мусобақаларига жалб қилиш борасида манзилли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, 2-Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 358 нафар ёшлар иштирокида «Оммавий бадан тарбия» спорт машқлари, енгил атлетика, оммавий юриш мусобақалари ўтказилди.

Эртанги кунимиз бунёдкорларининг маънавий-маърифий, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, улар ўртасида китобхонликни янада кенг тарғиб қилиш борасида шаҳар Халқ таълими бўлими тасарруфидаги 8-сонли умумтаълим мактабида адиблар ҳаёти ва ижодига бағишланган «Сиз уларни танийсизми?» шиори остида
Китоблар акцияси бўлиб ўтди. Акцияга 90 нафар ёшлар қамраб олинди ҳамда «Китобхон шоу» лойиҳаси ўтказилди. Шунингдек Маънавият ва маърифат маркази шаҳар бўлими томонидан шаҳардаги 1-тиббиёт коллежи ҳамда “Чилонзор” МФЙ билан биргаликда «Мен ўқиган китоб» мавзусида ҳам акция ташкил этилди.

Шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинларида, айниқса кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган аҳоли ва ёшларнинг китобга бўлган қизиқишлари, меҳр-муҳаббатларини янада юксалтириш мақсадида Ёшлар иттифоқи шаҳар Кенгашининг шаҳар сардорлари томонидан ўтказилган «Маънавият улашинг» лойиҳаси, шаҳардаги таълим муассасалари қошидаги Тармоқ кутубхонлари ёрдамида китобхонлар кўргазмаси ўтказилди.

Ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, мавжуд спорт иншоотларининг қувватидан самарали фойдаланиш, МФЙларда спорт иншоотларини барпо этиш борасида шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бўлими томонидан шаҳардаги 1- ва 2- Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида «Спорт хафталиги» доирасида спортнинг стол тенниси ҳамда шахмат-шашка ўйинлари, волейбол мусобақалари, эрталабки бадантарбия, спорт машқлари, юриш сайиллари ташкил этилди.

Шаҳар Ички Ишлар бўлимининг ВЕЎХООГ, Ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши, ФЎЎБОФМБ шаҳар кенгаши, «Телеком» ОТАЖ шаҳар филиали билан хамкорликда 2019-2021 йилларда шаҳарда Рақамли технологиялар ўқув марказларини ва компьютер технологиялари, робототехника ва киберспорт бўйича тўгаракларни ташкил этиш бўйича «Ёшлар ва замонавий Интернет» мавзусида ёшларни замонавий компьютерга қизиқтириш, билимларини ошириш ҳамда интернет тармоқлардан тўғри фойдаланишлари бўйича машғулотлар олиб борилмоқда.

Амалга оширилаётган барча бу эзгу саъй-ҳаракатлар замирида эртанги кунимиз, бахтимиз бунёдкорлари бўлган баркамол авлоднинг билимли, заковатли, етук инсон бўлиб етишишлари ётади.

Тўланбой БЕКНАЗАРОВ,

шаҳар ҳокими ўринбосари.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube