САМИМИЙ ВА ДИЛКАШ УЧРАШУВ

Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди. Улардан тўртинчиси ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизи 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шарт-шароит ва имкониятлар яратилган. Шу билан бирга ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади.

Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевни шаҳримиздаги ўзи таълим олган маскани ўқувчилари билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда ўқувчи ёшлар ўртасида бебаҳо хазина – китобнинг инсоният истиқболида тутган мустаҳкам ўрни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўрисида”ги фармойиши ижроси ҳақида сўз борди.

Дилдан қурилган самимий суҳбат жараёнида вилоят ҳокими Ш.Ғаниев китобнинг инсон камолоти йўлидаги беқиёс ва беминнат хизмати, ёшларнинг ақлий салоҳияти, маънавияти ва дунёқарашини янада бойитишда турли илмий ва бадиий китоб- ларнинг аҳамияти хусусида фикр юритиб, мактаб ахборот ресурс марказига 200 дан зиёд ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдона асарлари жой олган адабий бадиий, шеърий китоблар тўпламини туҳфа этди.

— Бугунги ташрифдан беҳад мамнунмиз, — дейди ҳаяжон билан мактаб АРМ раҳбари Марҳабохон Юсупова. – Айниқса ўқувчиларимизнинг боши осмонда… Боиси эндиликда 3000 тага яқин адабий бадиий китобларга эга бўлган кутубхонамизга яна 200 та бебаҳо хазиналар тўплами тортиқ этилди. Эндиликда кутубхонамиз чинакам китобсевар болажонларнинг қадами билан янада серфайз бўлиши қувончимизга яна бир карра қувонч қўшади. Негаки, фарзандларимизнинг бугун олган илму ҳунари, одоби эртанги ёруғ келажагига мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.

Мактабнинг истеъдодли ўқувчиларидан бири Кумушбиби Маҳмудованинг “Орзулар фасли” номланган ажойиб баҳорий шеъри мароқли ва самимий суҳбатга бадиий безак берди. Айниқса ушбу таълим даргоҳининг яна бир иқтидорли, китобсевар ўқувчиси “Ёш китобхон” кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолиблар сафидан ўрин олган Абдулатиф Нўмонжоновнинг мулоқот жараёнида танловнинг
республика босқичи ғолиби деган шарафга муносиб бўлиш йўлида бундан буён ҳам тинимсиз изланиши, ўқиб ўрганиши, келажакда юртга, элга нафи тегадиган инсон бўлиб улғайиш ҳақидаги сўзлари йиғилганларни тўлқинлантириб юборди. Аслида мактабда тажрибали, меҳридарё устоз ва мураббийлардан таълим олаётган 1857 нафар ўқувчиларнинг барчаси ўзига хос иқтидорга эга.

— Мазкур даргоҳда фаолият кўрсатаётганимга бу йил 35 йил тўлади, — дейди кимё-биология фани ўқитувчиси Фазилатхон Асқарова. – Бугунги учрашувдан ҳаммадан ҳам кўпроқ мен қувондим, ғурурландим, десам сира муболаға бўлмайди. Чунки вилоят ҳокими даражасида хизмат қилаётган инсонга ушбу мактабда синф раҳбарилик қилганман, таълим, тарбия берганман. Бутун вилоятни бошқаришдек масъулиятли ва шарафли ишида омад тилайман. Ўзининг юз йиллик юбилей шодиёнасини нишонлаётган мактабимиздан Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова, Таэквандо бўйича жаҳон чемпиони Бобобек Казаков, Кикбоксинг бўйича жаҳон чемпиони Мурод Дадабоевлар сингари яна ўнлаб элу юрт хурмати, эътирофида юрган комил инсонлар етишиб чиққанлиги эса биз устозлар қалбига чексиз фахр ва ғурур бахш этади.

Китобхонлик кечаси шукуҳи йиғилганлар кўнглини бирдек мафтун айлади. Зеро, яхши китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, яхшилик ҳамда эзгулик сари ундайди.

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари айтганларидек,  “Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”.

Абдубанноб МАНСУРОВ.

А.РАҲМОНОВ олган сурат.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube