КИТОБ – КАМОЛОТ КЎЗГУСИ

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ўтказилаётган китобхонлик марафони доирасида шаҳар ҳокими Мирзоҳид Убайдуллаев ўзи таълим олган Фарғона тумани “Миндон” ҚФЙда жойлашган 30-сонли ўрта умумтаълим мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари билан учрашув ўтказди.

Кўзларида ғайрату шижоат, билим олишга бўлган интилиш суратлари балқиб турган чинакам китобсеварлар жамланган учрашувда М.Убайдуллаев китоб, аввало ёш авлод онгу шуурида она тилига ҳурмат ва эҳтиром, ўзликни англаш, Ватанига муҳаббат, унинг тақдири учун дахлдорлик ва фидоийлик туйғуларини мустаҳкам қарор топтиришнинг энг асосий омилларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтди.

Ҳоким томонидан мактаб ахборот ресурс маркази фондига тақдим этилган миллий ва жаҳон адабиёти намуналаридан иборат энг сара китоблар тўпламининг тақдим этилиши эса айниқса ўқувчиларни ҳаяжонга солди.

— Мактабимиз АРМдаги мавжуд 1000 дан зиёд бадиий китобларнинг деярли барчасини ўқиб тугатганман, -дейди мактабнинг 7 б синф ўқувчиси Ҳушноза Турсуналиева. – Таълим даргоҳимизнинг фахри, собиқ ўқувчиси М.Убайдуллаев томонидан туҳфа этилган яна 100га яқин дурдона китоблар жамланмаси эса ҳозирданоқ кўзимизни қувнатиб юбораяпти. Зеро, билимлар хазинаси саналган маърифат бўстонидаги ҳар бир сўз биз учун азиз, қадрлидир.

Ёшлар орасида мутолаа муҳитини яратиш, китобхонлик маданиятини шакллантириш, уларнинг интеллектуал билимларини ва маънавий савиясини ошириш мақсадида ўтказилаётган мазкур китоб марафонлари эртамиз эгаларини маърифат саодати сари етаклаши билан қадрлидир.

Ўз мухбиримиз.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube