ИМКОНИЯТ ТОБОРА КЕНГАЙМОҚДА

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган

Бугун иқтисодиётимизнинг қайси соҳасида бўлмасин, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Сабаби, бундай лойиҳалар нафақат валютани тежаш, балки янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, нарх-наволар асоссиз ошиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади.

Тозаловчи воситаларни ишлаб чиқариш бизнеси бугунги кунда истиқболли йўналишлардан ҳисобланади. Яқин-яқингача кир ювиш кукунларини сотиб олганимизда маҳсулот четида хорижда ишлаб чиқарилганлиги тўғрисидаги қайдни учратардик.

Эндиликда бу каби товарлар ҳошиясида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” брендининг борлиги кишини фахрлантиради. Шу маънода, Марғилон шаҳридаги жойлашган “Марғилон Фирдавс сервис” масъулияти чекланган жамияти имкониятлардан фойдаланиб, юксак муваффақиятларга эришаётган тадбиркорлик субъектларидан бири.

Корхонага 2011 йилда асос солган тадбиркор Рустам Ҳолматов ўз фаолиятини Хитойда ишлаб чиқарилган кир ювиш кукунини қадоқлаб, уни ички бозорга олиб чиқишдан бошлади. “Трастбанк”дан олинган 3 миллиардга яқин сармоя тадбиркорнинг интилишларига қанот берди. Банк кредитининг мақсадли сарфланиши туфайли ўтган йилдан бошлаб соданинг 80 фоизи корхонанинг ўзида ишлаб чиқариладиган бўлди. Қолаверса тадбиркор ташаббуси билан янги бинога технологиялар олиб келиниб иш ўринлари сони ортишига эришилди.

– Ҳозир бу ерда 40 нафар ишчи фаолият олиб боряпти. Уларнинг аксарияти коллежни тамомлаган ёшлар, – дейди Рустамжон Ҳолматов. –Уларнинг салоҳияти билан бир кунда ўртача 20 тонна махсулотни республикамизнинг турли ҳудудларига етказиб беряпмиз. Марғилонда ишлаб чиқарилган кир ювиш кукунларини тез орада Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон сингари яқин хориж давлатларига ҳам экспорт қилишни режалаштирганмиз. Экспорт борасида муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар ва бу орқали яратилган имтиёз ва преференциялар фаолиятимизни ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, жорий йилда корхонанини кенгайтириш, хориждан янги технологияларни харид қилиш ва шу аснода арзон ва сифатли махсулотларни аҳолига етказиб бериш устида изланиш олиб борилмоқда. Бу ўз навбатида бир кунда 35 тоннадан кўпроқ кир ювиш кукуни ишлаб чиқариш, бўш иш ўринлари сонини кўпайтириш имкоятини беради.

Мадаминжон СОЛИЖОНОВ.

муаллиф олган сурат.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube