БИР ДАРЁНИНГ УЧ ИРМОҒИ

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналишида илгари сурилган хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли сиёсат тамойилларини Марказий Осиё давлатлари аҳолиси орасида тарғиб қилиш, шунингдек террористик хуружларнинг олдини олиш ва қўшни давлатлар билан аҳиллик муносабатларини мустаҳкамлашда ёшлар ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан вилоятимизда “Келажакни терроризмсиз қурамиз” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларининг чегарадош ҳудудларидаги давлат бошқарув органлари, ёшлар ташкилотлари, миллий-маданий марказлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, диний соҳа вакиллари екстремизм ва террроризмга қарши кураш йўналишида илмий-амалий тажрибага эга мутахассислар, талаба-ёшлардан иборат 200дан зиёд иштирокчилар фестивалнинг иккинчи куни шаҳримиздаги Эркин Воҳидов номидаги “Ижодкорлар боғи”да зўр ҳурмат эҳтиром билан кутиб олинди.

— Ўзбек ва тожик, ўзбек ва қирғиз халқлари бир дарахтнинг икки шохи, бир дарёнинг икки ирмоғига ўхшайди , -дейди Ўш вилояти губернатори ўринбосари Аҳматжан Муҳаммадов. – Бизнинг муқаддас динимиз, еримиз ва сувимиз бир. Қувончу ташвишларимиз, тақдиримиз муштарак. Аждодларимизнинг эзгу анъаналарини давом эттириб, халқларимиз дўстлигини янада мустаҳ- камлашимиз ва асраб авайлашимиз керак. Аслида бугунги халқаро фестивалнинг ташкил этилишидан кўзланган асосий мақсад ҳам шу.

Меҳмонлар даставвал буюк адиб ҳаёти ва ижодий фаолиятини ўзида ифода этган Эркин Воҳидов номидаги мемориал музейда бўлиб шоирнинг шеърий тўпламлари, ижодий фаолиятига оид буюмлар, фотосуратлар, асарларига ишланган кўргазмалар билан танишиш асносида, шаҳримиз ҳамда вилоят ижодий муҳитида камол топган маданият, санъат вакиллари ҳақида маълумотга ҳам эга бўлдилар. Шундан сўнг фестивал иштирокчиларини Она тили ва адабиёти фанини чуқур ўргатишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослашган иқтидорли болалар мактаб-интернатида ўқувчилар ўзбек, қирғиз ва тожик тилларида битилган турли гўзал шеърлар жаранги садоси остида қарши олдидар.

— Шаҳрингиз аҳолисининг чинакам ўзбекона лутф ва эҳтиромидан беҳад қувончдаман, — дейди Ўш вилояти ҳокимлиги мутахассиси Бектенали Абдирахманов. – Меҳмондўст ўзбек халқи ҳақидаги тасаввурларим янада кенгайди, хурматим ортди. Айниқса ёшларнинг кўзидаги ғайрату шижоат шуурлари кўнглимизга кўчди. Беихтиёр улар билан ўзбекона куй-қўшиқлар садоси остида рақсга ҳам тушдик. Уч мамлакат ўртасидаги дўстлик ришталарининг янада мустаҳкам боғланишига эришаётганимиз эса катта ютуғимиз ҳисоб- ланади.

Тушдан сўнг фестиваль шодиёналари шаҳар Ҳунармандчилик марказига кўчди. Бу ерда қўшни мамлакат ёшлари ўз маҳоратларини намойиш этиб, ўз тилларида ҳамда ўзбек тилларида қўшиқ куйладилар.

-Мен гўзал Фарғонага биринчи бор ташриф буюришим. Ҳозир саҳнада ўзбек санъаткори, марҳум Таваккал Қодировнинг “Дилбарим” қўшиғини жуда мароқ билан куйладим, -дейди тожик қизи, Хўжанд драма театри ҳофизаси Нодирабегим Ўсарзода. Раҳматли дадам агар сен санъаткор бўлиб етишсангу, қўшиқларингни водий аҳли севиб тингламаса, ўзинг- ни санъаткор ҳисоблама, дердилар. Бугун йиғилганларнинг олқишлари менга ўша кунларни эслатди, деди.

-Мен кеча ва бугун вақтим ғоят мазмунли ўтаётганидан беҳад мамнунман. Ўзим ёш бўлсам ҳам жуда кўп хорижий юртларда бўлганман. Бироқ очиғи. Ўзбекистон менга жуда ёқди. Бунга сабаб нафақат тилимиз, балки дилимизнинг ҳам яқинлигидир,-дейди қирғизистонлик Иса Юсенов. Мен Боткент шаҳридаги Давлат Университетида ёшларга инглиз тили фанидан сабоқ бераман. Бизнинг ёшларимиз ҳам тинчликни ниҳоятда қадр- лайди, қардош ўзбек халқига ҳурматлари баланд. Агар яна бир имкон бўлиб қолса, албатта Ўзбекистонга келаман.

-Мен бугун қардош тожик ва қирғиз ёшлари билан танишдим. Қарангки, тилмоч ҳам керак бўлмади. Улар билан ўз тилимизда бемалол суҳбатлашдим. Нафақат урф-одат ва чеҳраларимиз, балки келажакдаги орзуларимиз ҳам ўхшаш экан, — дейди фестиваль иштирокчиси Хоназимхон Султонбекова.

Дунёнинг ҳам ўз қонуниятлари бор. Умр ўтаверади, эскининг ўрнига янгиси, кексанинг ўрнига эса ёши келаверади.Бироқ ҳамма гап, замонамиз ёшларининг умуминсоний қадриятлар руҳида камол топаётгани ва дунёга теран нигоҳ билан боқа олишидадир. Илоҳим аждодларимизга паноҳ бўлган бу муаззам макон, буюк Туркистон- Марказий Осиё ёшларининг муштарак мақсадлари остида янада чирой очаверсин. Улар ўртасидаги дўстлик, қардошлик ришталари эса пўлатдан-да
мустаҳкамроқ бўлсин!

 М.САИДМУРОДОВА,

А.МАНСУРОВ.

А.РАҲМОНОВ олган суратлар.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube