ТОМОРҚА – ДАРОМАД МАНБАИ лекин ундан самарали фойдаланяпмизми?

Мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса аҳолининг томорқадан унумли фойдаланишини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда.

Хусусан шаҳримизда ҳам томорқадан унумли фойдаланиб, оиласи фаровонлиги, бозорларимиз тўкинлигига муносиб ҳисса қўшаётган юртдошларимиз кўп.

— Томорқа маданиятига эътибор фаровонлик демакдир, дейди “Аҳмад Яссавий” МФЙ раиси Абдусаттор Хожихонов. – Бўш ерлардан унумли фойдаланиш бўйича амалга оширилган тарғибот ишлари эса ўз самарасини бераётир. Маҳалламиздаги кўпчилик хонадон эгалари тупроқнинг тилини топганлардан. Йилнинг тўрт фаслида барча сабзавотлар муҳайё.

“Аҳмад Яссавий” МФЙ Аҳмад Яссавий кўчаси 79-уй соҳиби 77 ёшли Солижон ота Тожибоев ана шундай ишбилармон миришкорлардан. У 5 сотих томорқадан фарзандлари ва набиралари билан картошка, редиска, помидор, қалампир экиб, йилига 5 миллион сўмдан зиёд даромад олади.

— Томорқа нафақат қўшимча даромад манбаи, балки унинг фарзандларимиз тарбиясидаги роли ҳам катта, -дейди Солижон ота. – Чунки томорқамизда болаларимиз ҳалол меҳнат қилиб, ўз кучи билан даромад топишни ўрганмоқда. Очиғи, деҳқончилик қилиб кам бўлмадик, ҳар йили ҳосилдан оладиган даромадимиз билан бир камимизни тўлдириб оламиз. Буларнинг барчаси замирида– меҳнат, меҳнат ва яна меҳнат ётибди.

Шаҳримиздаги деярли ҳар бир МФЙида мана шундай миришкор деҳқонларни учратасиз. Тошлоқтепа маҳалласи, Бодомзор кўчаси 25-уйда истиқомат қилувчи Анвархон Искандаров хонадонига ташриф буюрсангиз 30 сотихли томорқада қад кўтарган, деҳқоннинг қалб қуёши билан кўкарган помидорлар, бодринг, манзарали гуллар ифорига тўлган иссиқхонага кўзингиз тушади.

Анвархон аканинг йиллик даромади 15 миллиондан ортади. Иссиқхонада улар билан елкама-елка туриб тинимсиз меҳнат қилаётган фарзандлари ҳам болалигидан меҳнат тобида пишган. Ҳатто қўни-қўшнилар ҳам ҳавас билан ҳар замонда ушбу хонадонга чиқиб юмушларига қаралашиб туришади.

Ҳали қишнинг қаҳри кетиб улгурмасдан томорқадаги юмушларни бошлаб юборадиган бу миришкорлар эртапишар ҳосиллари билан ҳамиша халқнинг эътирофида.

Қимирлаган қир ошар, деган нақлда гап кўп. Керак бўлса ҳар қарич еридан унумли фойдаланиб, катта даромад эгасига айланаётган ҳамшаҳарларимизни кўриб кўзингиз кувнаса, меҳр эксанг мева берадиган ҳосилдор ернинг уволидан қўрқмай уни қаровсиз ҳолга ташлаб қўядиган баъзи бир инсонларнинг ишидан дилинг хуфтон бўлади.

Тошлоқтепа МФЙ да истиқомат қилувчи ҳар бир хонадон соҳибларини ҳам Анвархон акадек меҳнаткаш, ишбилармон деб бўлмайди. Тошлоқтепа кўчаси 14-уйда яшовчи Фарходжон Ибрагимов ҳамда 19-уй соҳиби Хошимжон Ибрагимовлар хонадонига ташриф буюрсангиз, бағри турли хил ёввойи ўту-ўланларга беланиб ётган, кўклам келиб ҳали қўл урилмаган 4 сотихли ерларда қуруқ савлат тўкиб турган, ишлов берилмаган дарахтлардан бошқасига кўзингиз тушмайди. Наҳотки, тўрт муччаси соғ одам, тўрт сотихгина ерда деҳқончилик қила олмаса?! Ахир уларнинг томорқаларига кўчадан биров келиб уруғ қадаб кетмайди-ку? Танбаллик, дангасалик ҳам эви биланда!

Шундай ишбилармон инсонлар борки, кичиккина томорқасидан бир йилда икки-уч марталаб ҳосил олишга, умрининг ҳар дақиқасини мазмунли ўтказишга, бирини икки қилишга интилиб яшайди.

Ҳа, бу ҳаётда кимдир ўзидан боғ қолдиради, яна кимдир эса… Томорқадан мақсадли фойдаланиш ҳадисини олганларнинг эса ҳамиша турмуши фаровон. Зеро, меҳнат инсонни улуғлайди.

Абдубанноб МАНСУРОВ.

А.РАҲМОНОВ олган суратлар.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube