НОДИР  ГИЛАМУ, ШОҲИ АТЛАС, АДРАСЛАР

Мозий зарвароқларидан садо бергувчи, асрларни бўйлаб миллий тўқимачилик анъаналаримизни замондошларимизга бе- завол етказаётган “Ёдгорлик” масъулияти чекланган жамиятига кириб борар эканмиз, замон ва ўтмиш уйғунлиги бизни ҳайратларга солади. Ойжамол қизу жувонларнинг моҳир қўлларидан ўтаётган, оддийгина ип ва ипаклар лаҳза ўтмай оловдек ловуллаган жилокор, атласу, адраслар ҳамда баҳор гулларидай нафис, бетакрор гиламларга айланади.

Биз билан қадам-бақадам корхонага кириб келган икки сайёҳ хинд йигити ҳам гўзал қизларимизнинг нозик ва сирли бармоқлари орасида эшилаётган ипакларнинг оддийгина ёғоч дастгоҳда маржондек тизилиб, дурдона санъат асарига – халқ ҳунармандчилигининг нодир намунасига айланаётганини мароқ билан томоша қилишади.

-Ўзбекистон хусусан, Марғилон менга жуда ёқди. Бу қадимий шаҳар исми жисмига монанд бағоят гўзал экан. Мен юртингизда қўрганларимни Ватанимга борсам, тенгдошларимга сўзлаб бераман. Суратларини кўрсатаман. Ишончим комилки, бу жараёнлар уларда катта қизиқиш уйғотади. Айниқса, юртингиздаги тинчлик, осойишталик ва саришталик бизда катта таассурот қолдирди, дейди ҳиндистонлик Анни.

-Корхонамизда тўқилаётган гилам нусхалари асосан туркий халқларнинг қадим ўтмишидан сўзлагувчи тарихий манбалардан олинади. Қадим гилам нусхаларидан кўчирма олиниб, улар моҳир чеварларимиз ёрдамида қайта тикланади. Шу боис бўлса керак, биз тўқиётган гиламларга хорижда, айниқса Туркия, Германия ва Францияда қизиқиш кучли. Франциялик сайёҳ ўз безаклари асносида ипак гиламга буюртма берди. Яқинда 20 дона қимматбаҳо, нодир гиламларимизни Истамбулга экспорт қилдик ҳамда яна кўплаб буюртмалар олдик, — дейди суҳбатдошим корхона маркетинг бўлими бошлиғи Юсуфжон Мамаюсупов.

— Мен бу ерга Туркиядан келганман. Тўқувчи қизларга туркча гиламлар тўқишни ўргатаяпман, — дейди турк мутахассиси Илҳом Давлетов. Гиламдўз касбдошим Мехди Аливанд Фаноий Эрондан. Ўзбек тўқувчи қизлари жуда маҳоратли экан. Яқинда Олтой ўлкаси музликлари остидан салкам бир ярим аср олдин тўқилган кўҳна гилам топилди. Уни қайта тиклаб, қадимий кўринишдаги гилам кўчирмасини яратишга эришдик.

-Гиламларимиз бири-биридан гўзал ва бетакрор. Айниқса унинг “Етти тоғ гулчечаги”, “Маржона”, “Шаҳло”, “Қўчқоршоҳ”, “Қирғиз”, “Бойчечак”, “Кўзача”, “Мумтоз” каби нусхалари харидоргир, -дейди 1-гилам цехи бошлиғи Патилахон Пирматова. Дилноза Аҳмедова, Муножот Абдуллаева, Зилола Ёқубова, Дилфуза Аҳмедова каби қўли-ю, қалби гул чевар аёллар ўзбек гиламчилиги шуҳратини дунёга таратмоқдалар.

Корхонада кластер усулига ўтиш борасида муҳим қадам қўйилди. Риштон туманида 200 гектар тут плантацияси барпо этилди. Маҳаллий қурт боқувчилар билан шартномалар имзоланди. Энди пилла тайёрлашдан тайёр маҳсулотгача корхона назоратида бўлади.

Қадри абад қадриятларимиз ҳеч қачон унут бўлмаганидек, ”Ёдгорлик”да яратилаётган нодир гиламлар, шоҳи атласлар яна бир неча асрлардан сўнг ҳам Марғилон шуҳратини оламга таратиб, ўзининг бебаҳо қимматини йўқотмас.

Корхонадан қайтар эканман,

Сунбула-ю сунбула,

Ўраб олай гул билан….

деган майин хиргойи қулоқларимга чалинди. Сочларини майдалаб ўриб, бошига чамандагул дўппи кийиб олган хушсурат қиз нигоҳларини дастгоҳдан узмай оҳиста қўшиқ куйлар, сеҳрли қўллари мато устида чаққон-чаққон харакатланарди…

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

А.РАҲМОНОВ олган сурат.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube