О, БАҲОРИМ, ГЎЗАЛ МАЛАГИМ!

Кўклам соғинчи

О, БАҲОРИМ, ГЎЗАЛ МАЛАГИМ!

(эссе)

О, Баҳор, гўзал малагим! Оҳ, сени бағоят соғиндим! Лаҳза-ю сонияларни санаб, интиқ-интизор кутдим сенинг ташрифингни кўкламойим. Сулувгинам, қалбим чечаги сен шу қадар мафтункорсанки, барча латофатли, малоҳатли қизларнинг исми сенинг номинг билан аталади. Гулбаҳор, Навбаҳор, Баҳорой…

Кечагина муз кўрпалари остида совуқдан титраётган она замин сенинг илиқ тафтингдан юзлари лоладек қизариб, тирик- лик қўшиғини бошлайди. Унинг дўрилдоқ қўшиғидан майсалар тебраниб рақсга тушади. Шаббода нозланиб-нозланиб юзларингдан ўпади. Куртакка лаб урган новдалар қора ғўдир либосини ечиб, пушти гулли, яшил кўйлак кийиб олганидан шодланиб, табассумла гулғунчасини қуёшда тоблайди. Баҳорни эртароқ қаршилаган бодом шохларини эгиб ёнидаги шафтолини турткилади. Шафтолиой ухлаб қолганидан озорланиб, бутоқларини гулнор гуллар билан чунон безайди-ки, ҳали ҳам жигарранг тўнини ечмаган беҳиой хижолатдан кўкиш-кумушранг баргларини ёзиб юборади… мудраётган анжир эса алам-ла бирайўла олтин маржондек меваларини тугишга тушади.

Тоғлару қирлардан оқиб келаётган шарқироқ сойлар ҳавода учиб юрган ўрику, гилосларнинг нимпушти гулларини юзларига ҳолдек қўндириб, мавж уради. Адирликлар алвон,олтинранг лолазорлар оғушида хаёлга чўмган қизил-сариқ дуррачали малакдек гўзал. Самода сузиб юрган оқ-мовий, зангор-ферузаранг булутлар уйқашиб заминга ёпилган улкан рангдор гулдор гумбазни эслатади.

Қуёшни соғинган бойчечак гулбаргларини унинг нурида тоблайди. Ҳар замон, ҳар замонда эса кўкка боқиб, “ кетма, қуёшжон” деб ёлбораётгандай нафис тебранади. Ўйноки эпкин димоғингизга дам бинафша, дам зафарон, дам райхон, дам ялпиз ифорини уради.

Бобоқуёшнинг ёлғончи табассумига ишониб гуллаб юборган дарахтларнинг нопармон гуллари тунда товланиб минглаб рангдор юлдузларга айланади.

Бижилдоқ кушлар тинмай чуғурлайди: .Ҳой яхшилар, баҳор келди, баҳор келди…дея жар солаётгандек…

Айвоннинг эшигини ланг очиб қўйган бувижонлар қанотларида хуррамлик олиб келган қалдирғочларни хушнуд қаршилайди. Келдингми қалдирғочим, тезроқ уйингни қур, сенга махталман, дея қўлларини дуога очади. Жажжи болакайлар қалдирочга кўмак бермоқ мақсадида айвон олдига хас-чўпларни йиғиб кўяди.

АДИРЛАРДА БАХМАЛ БАҲОРОЙ БАЗМИ

Даласидаги оппоқ қорини қайноқ кафтига олиб қалб ҳароратила эритаётган бободеҳқоним! Қишнинг ҳар лаҳзасини шош-қин кузатиб, Баҳоройни интиқ кутаётган заҳматкашим! Қорли кўрпалар остида ётган замин залворли кетмонинг зарбидан ма- йинлашиб эврилади. Ахир баҳор келди, дейсан, ҳайқириб! Мудраб ётган Момо ер овозингдан сесканиб, ям-яшил кўйлагини кийиб ҳузурингга ошиқади. Бободеҳқоним келди, дейди шодумон силкиниб.

-Ассалом, Она замин!- дейди деҳқон кетмонининг ҳар зарбидан ўт чақнатиб. Қани Баҳоройим, сулув келинчакдек зеболан, она табиатни ясат, бағрингни гулу чечакларга бурка, дарахтларга яшил либос кийдир, сергул, сермева айла, уруғларни ундир, одамларга завқ-шавқ улаш, кўрган кўзларни кулдир, дейди яна гулдуракдек ўткир овозда. Сўнг бироз майинлашиб, кўкламойим кўкингдан, меҳрингдан бир чимдимгина бер, сени беҳад соғиндим, дейди ёлбориб. Сўнг эса баҳор саси уфураётган заминга худди саждага бош қўяётгандек лаб босади.. Оҳ, она туп-роқ таъми! Деҳқонбобо мамнун жилмаяди. Худдики, ҳозиргина тандирдан узилган ноннинг ҳарорати бор-а! У бир сиқимгина тупроқни қўлларига олади. Шугинага зор бўлиб ўтган шоҳ Бобурнинг аламли фарёди қулоқларига чалингандек бўлиб, кўзларида ёш қалқийди. Сендан айро яшаб бўлмайди, ОТА ЕР, деган қатъий ўй ўтади юрагининг қаъридан. Туп- роқни авайлаб боши узра самога сочади. Ёмғирдек ёйилган тупроқ деҳқоннинг юз-кўзларига қўнади.

…Баҳорда бахмалда туғилган қўзинг,

Араб оҳусидан азизроқ манга…

дейди у ички титроқла ўзи беҳад суядиган содда шоир Муҳаммад Юсуфнинг ҳар такрорлаганда вужудини ларзага соладиган қуйма сатрларини хиргойи қилиб.

Баҳорни соғинган деҳқон далаларини узоқ айланади. Қуёшнинг заррин нурларида исиниб, қанотларини тоблаётган турфа қушлар чуғури, гулғунчалардан бўса олаётган капалаклар, чайқалиб чирманда чалаётган чучмомалар, самога сепини ёйган камалаклар, осмонда сузиб юрган ферузаранг булутлар уммони, тўлиб-тўлиб оқаётган анҳорлар шивири унинг қалбига туганмас ва ифодалаб бўлмас завқ бахш этади.

Она диёримизни чор тарафдан бағрига босиб, қучиб ётган асрий пурвиқор тоғлар ҳамон бободеҳқоннинг овозига акс-садо беради:

Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим, бир чимдим…

Баҳор бободеҳқонни, бободеҳқон эса баҳорни ғоят соғинган эди. Бу ўша улар интиқ, интизор кутган эрка фаслнинг ибтидоси, жўшқин ва жозибали кун эди.

Кўкламойим, кўклам онам илиқ, ошуфта бағрингни соғиндим! Сени ким ҳам соғинмайди аслида, сени ким ҳам соғинмас баҳор!! Деҳқонбобо самони тўлдириб учаётган бижилдоқ қушлар чуғирига тикилди. Қуёшни соғинган момо-ю боболар далаларга, қалби олов ёш-яланглар лолазор қўйнига ошиқаётирлар. Чаккаларига бойчечак таққан қизчалар алвон кўйлакларини ҳилпиратиб тоғ ёнбағирларида елиб югурадилар. Болажонлар варракларини оппоқ, ферузаранг булутлар сузиб юрган само остонасигача учирадилар. Мўъжизавий боғларимизда пушти, нимпушти, қизил ва сариқ рангларда очилган гилос, ўрик, бодом, шафтоли гуллари баҳорий эпкинда тебраниб, ажиб гуллар рақсини яратаётир. Бир туп ўрик гўзал гулларини тўккиси келмай, ғунчаойларини шаббодадан қизғониб бошларини эгади. Бироқ шўх шаббодаой ҳам бўш келмай, гулларнинг сочларидан тортқилайди. Қишда совуқдан қорайган баданларини рангдор кўйлаклари билан яшириб олган дарахтлар байрамга отланган келинчакдек ясаниб олишган. Бутун борлиқ ғоят мафтункор, беҳад гўзал манзара кашф этган, баҳорий севинч уйғонган ошуфта қалблар муҳаббат ошиёнига айланган.

О, она заминга ҳаёт, тириклик бахш этувчи қудратли, мафтункор ва гўзал малагим, баҳоройим, ташрифинг муборак!

Мастурахон САИДМУРОДОВА,

журналист.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube