СЕВГИ ВА САДОҚАТ КУЙЧИСИ

Юртимизда фасллар келинчаги бўлмиш баҳорнинг беқиёс ташрифи арафасида ўзбек халқининг севимли шоираси Зулфияхонимнинг таваллуд айёми ҳам нишонланиши марҳум ижодкорнинг кўклам кўркидек гўзал кўнглидан дарак бўлса не ажаб?!

Ҳассос шоир Ҳамид Олимжон билан кечирган қисқа турмуши, ундан жудо бўлиб қолиши, умуман, шоиранинг ҳаёт йўли садоқат ва вафо тимсоли бўлиб қолди.

У ўттиздан зиёд шеърий ва насрий китоблар муаллифи. Бадиий ижод соҳасидаги хизматлари учун Давлат мукофоти, 1968 йил Жавоҳирлаъл Неру номидаги халқаро мукофот билан тақдирланди. Тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи асарлари ҳамда тараққиёпарвар Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатидаги фаол иштироки учун эса халқаро “Нилуфар” мукофотига сазовор бўлди.

Зулфиянинг ўн бешга яқин мажмуалари рус тилида чоп этилган. Унинг асарлари инглиз, немис, ҳинд, болгар, хитой, корейс, араб, форс, тожик, арман, қирғиз, татар, турк-ман, бошқирд, озарбайжон ва бошқа тилларга таржима қилинган. Шоира Н.Некрасов, М.Лермонтов, Вера Инбер, Леся Украинка, Эди Огнетсвет, Марварид Дилбозий, Амрита Притам асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган.

Мустақиллик йилларида ибратли ҳаёт кечирган, кенг ижтимоий фаолият олиб борган шоира Зулфия бетакрор истеъдоди, Ватанга муҳаббати, олижаноб инсоний фазилатлари, халқимиз маънавиятини юксалтиришдаги хизматлари учун юксак ҳурмат ва эъзозга сазовор бўлди. Ўзбекистон ҳукумати атоқли шоиранинг маданияимиз тараққиётидаги катта хизматларини эътиборга олиб 1999 йили Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этди.  Шу кунгача фан, таълим, санъат, спорт ва адабиёт соҳасида эришган ютуқлари, кўрсатган юқори натижалари ҳамда бадиий иқтидори учун муносиб кўрилган 120 дан зиёд қизларга ушбу мукофотга сазовор бўлишдек бахт насиб этган. Яна бир қувонарли жиҳати шундаки,  эндиликда мазкур мукофот 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган иқтидорли хотин-қизларга тақдим этилади.

Шоира шеърларини мутолаа қилар эканмиз, муҳаббат ва садоқат туйғулари билан безанган ўтли сатрлар сеҳридан сармаст бўламиз. Гарчи у ҳозир орамизда йўқ бўлсада, бой ижодий мероси қалбимизда мангу яшайди.

Сайёрахон АБДУРАЗЗАҚОВА,

1-оилавий поликлиникасининг маънавият ишлари бўйича масъул ходими.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube