“ШАРҚ ИПАГИ ДУРДОНАСИ”НИНГ ДУРДОНА АТЛАСЛАРИ

Марғилон деганда беихтиёр киши кўз ўнгида камалак рангларида товланувчи атласу адрасларга бой қўҳна шаҳар намоён бўлади. Ҳаё-ла боқувчи қизларининг тили ширин, минг кокилларини майдалаб ўриб, бошларига адрас кўйлакларига монанд ироқи дўппиларини кийиб олсалар борми, ҳусну жамолларидан кўзларингиз қамашади. Сеҳрли лутф сизни мўъжизалар олами томон етаклайди. Шу диёрда мангу қолгингиз келаверади…Шаҳримиздаги “ ШАРҚ ИПАГИ ДУРДОНАСИ ”масъулияти чекланган жамиятида ҳам 400 дан зиёд моҳитобон тўқувчи чевар қиз-жувонлар меҳнат қилади. Уларнинг ҳар қатимига меҳри-ю муҳаббатини қўшиб тўқиган сержило ва нафис атласу адрасларига бир боқишдаёқ маҳлиё бўлиб қоласиз. Беихтиёр тилингиздан “Оҳ, бунча чиройли” деган иқрор отилиб чиқади.

Баъзан самода табиатнинг гўзал малаги камалак пайдо бўлади. Унинг ажиб тароватли ранглари ўз жилосини кўз-кўз айлаб, фалакда ранглар ўйинини ҳосил қилади. Аслида бу ердаги устазода тўқувчилар томонидан яратилган хонатлас, хосиятхон атласларнинг ёрқин ранглари камалакни-да доғда қолдиргувси…

— Қадимда бир кекса тўқувчи оддийгина бўз матодан аёллар чиройини ўн чандон оширгувчи ранг-лар уйғунлигини яратмоқчи бўлиб хаёлга толибди. Шу пайт осмондан ажиб нурлар таралибди. Моҳир тўқувчи кўзларини олаётган нурлар ўйини- ёғдулардан ҳайратланиб, қўлларини пешонасига пана қилиб само малаги –камалакка термулибди. Унинг гўзаллигидан баҳад ҳайратланибди ва бирдан топдим, топдим, деб ҳайқириб юборибди. Сўнг дарҳол ёнгинасида турган дастгоҳини ишга солиб, оппоқ матога камалак рангларини кўчирибди. Тўқувчи ишини тугаллаб, матосига боқса, етти хил рангда товланувчи баҳордек бетакрор, баркамол либос яралибди. Шундан буён бу матони халқимиз эъзозлаб “атлас” — дея суяркан, дейди МЧЖ раҳбари Исмоилжон Аҳмаджонов. Бизнинг моҳир ва маҳоратли тўқувчи аёлларимиз ҳам кунига 3 минг метрдан зиёд сифатли атлас тўқиб, боболаримиз қадрияти-ю, момоларимиз анъаналарини давом эттирмоқдалар. Бундан ташқари, корхонамизда тикиб чиқарилаётган аёллар шарфи, сумкалари, пойафзаллари ва замонавий чопонлари ҳам нафақат аёлларимиз балки сайёҳларнинг ҳам севимли маҳсулотларига айланмоқда.

— Корхонамизда доимо иш қизғин. Биз аёллар ҳудди туғишган опа-сингиллардай аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб меҳнат қиламиз. Шу ерда кунлик бепул тушлик ташкил этилган. Ойлик маошимиздан ташқари, йўл ҳақи ҳам берилади. Меҳнатинг қадр топган, аёл эъзозланган жойда ишласанг, ишингда унум, оилангда файз ва барака бўлавераркан,-дейди корхона ишчиси Муҳаббатхон Сатторова. Шунга айтсалар керак-да, меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик, деб. Изланиш ва интилишларимиз самараси ўлароқ, табиий ва синтетик иплар аралашмасидан янги газлама нусхасини яратдик. Бу янги тур газламанинг чидамлилиги, пишиқлиги ҳамда рангининг ўчмаслиги унинг сифатини янада оширган.

— 150 дан зиёд “АТА-100” маркали тўқув дастгоҳларининг овози бир маромда гуриллайди. Бир сониягина олдин оддийгина узун ип холатида бўлган рангдор толалар лаҳза ўтмай сержило атласларга айланади. Дастгоҳ бағрини қучган тайёр матолар қуёш ранглари монанд ёрқин ва мафтункор…

Корхона ҳадемай 10 ёшга тўлади. Қувонарлиси шу ўтган қисқа давр мобайнида унинг довруғи на фақат Республикамизни, балки Арабистон, Туркия, Хитой каби давлатларни ҳам тутди. Корхона маҳсулотларига бўлган қизиқиш ортиб, уни сотиб олиш иштиёқида юрган харидорлар сони кўпайгандан кўпайди. Корхона раҳбарлари яқинда яна бир хайрли ишга қўл урдилар. Қўшни Ёзёвон туманида корхона филиалини очиб, 6 кишининг доимий иш билан бандлигини таъминлади. Бундан ташқари, шаҳримизга чегарадош худудлардан фойдаланилмай бўш турган бинони сотиб олиб, текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган, яна 300 нафар кишининг бандлигини таъминлайдиган корхонани ишга тушириш арафасида.

Меҳнат жамоасида янгиликка ўчлик, бугун кечагидан яхшироқ меҳнат қилиш иштиёқи кучли бўлса, у корхона албатта муваффақиятга юз тутади ва одамларни фаровонлик сари элтаверади.

 Мастурахон САИДМУРОДОВА.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube