Фарзандингизга китоб совға қилганмисиз?

Яxши китобни ўқиш билан одам ўзини янада кучли, билимли сезади. Китоб ҳар қандай билимнинг жони ва юраги бўлгани каби ҳар қандай буюк кашфиётларнинг ибтидоси бўла олади.

Бугун замон узгарди, инсонлар ҳам замон билан ҳамнафас ри-
вожланиб бормоқда, кун сайин эса китобга бўлган эҳтиёж камайиб бораётгандек, назаримда. Мен педагогман. Ёш авлодга она тили ва адабиёт фанидан сабоқ бераман. Уларнинг қалбида фанимга бўлган қизиқишни уйғотиш билан бирга адабиётга, китобга буюк муҳаббат уйғотишга интиламан. Дарс жараёнларининг бирида ўқувчиларимга — Ким қандай китоб ўқишни истайди? Ёки ҳозирда қайси бадиий китобни мутолаа қилаяпсиз? ” деган савол билан мурожаат этдим.

— Xудоберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девнинг ўлими”.

— Эркин Маликнинг “Шайтонваччанинг найранглари”.

— Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари”.

— Жонитан Свифтнинг “Гулливетнинг саёҳатлари” ва бошқа бир қатор ижодкорларнинг китобларини айтишди. Шу пайт биринчи қатордаги ўқув столида ўтирган Мадина исмли қиз ўрнидан турди-да, қўлимга бир китоб тутқазди. Муқовасига “Тарбия китоби” деб ёзилган эди. Ичида эса тарбияга оид
эртаклар бор эди.

— Қаердан олдинг?

— Ойим совға қилдилар. Ҳар ой маош олганларида китоб совға қиладилар.

Рости, бу жавобдан жуда хурсанд бўлдим. Мадинанинг онасига нисбатан қалбимда илиқлик пайдо бўлди.

— Мени номимдан онангга раҳмат айт, энди устозимиз ҳам ҳар маош олганларида фарзандларига китоб совға қилар эканлар, дегин. Шундан буён ҳар маош олганимда олти яшарлик ўғлимга китоб совға қиламан. Ҳар куни уйқуга кетишдан аввал: Ойи, китобимни ўқиб беринг, -деб олиб келади.

Мен ўқувчилар қалбида китобга нисбатан янада кучлироқ муҳаббат уйғотиш мақсадида ҳар чорак охирида ўқиган бадиий китоблари, асар муаллифи қаҳрамонлари рўйхати ёзилган дафтарларини кўрсатиш- ларини, дарсликдан ташқари иккита шеър айтиб беришсагина чорак баҳо қўйишимни айтдим. Балки бу нотўғридир, лекин ҳозирдан бунинг натижасини билдим. Синфдаги деярли барча ўқувчилар мактаб кутубxонасига аъзо бўлиб, ўқиган китобларининг рўйхатини алоҳида дафтарга ёзиб бораяптилар. Баъзилари ўқиган китобларини менга ҳам ўқишни тавсия этадилар. Мен бундан жуда қувонаман. Ўқиган китоблари устида баҳс-мунозара қиладилар. Қайси қаҳрамон ёққанини, қайсилари салбий, қайсилари ижобий характерга эга эканликларини бир-бирларига айтиб севинишади. Китобдаги қаҳрамонлар қилган xатони такрорламасликка интиладилар. Қолаверса, уларнинг хусниxатларида ҳам ижобий томонга ўзгариш бўлди. Кўп китоб ўқиган ўқувчиларим деярли имло ва услубий xатога йўл қўймайдилар. Агар бирорта ўқувчим баён ёки иншо ёзишда ана шундай xатога йўл қўйган бўлса, китоб ўқимай қўйибсиз-а, деб қўяман. Шу гапнинг ўзи уларга етади. Албатта, эртасига кутубxонадан олган китобини кўрсатади.

Менинг назаримда, болачалик беғубор, самимий ва ишонувчан инсонни тополмайсиз. Ёш авлод ҳали тарбияга жуда муҳтож. Саъдий Шерозий: “Одамлар билан уларнинг ақлига монанд гаплаш”, деганларида қанчалик ҳақ эдилар. Устозлар ўқувчиларга таълим ва тарбия бераётганларида айнан мана шу ҳақиқатга амал қилсалар, албатта, бола қалбига йўл топишда қоқилмайдилар. Бундан ташқари Саъдий Шерозийнинг “Бўстон” асарида:

Устига китоб ортилган эшак,

На олим ва на донодир бешак.

деган жумлалари ҳам қарийиб 760 йил аввал айтилган бўлса ҳам ҳали ҳамон ўз жозибасини йўқотган эмас. Демак, биз ўз ўқувчиларимизга китобни шунчаки олиб ёки кўтариб юриб обрў орттириш учун эмас, балки ундан маънавий озуқа олиш учун ўқишимиз ва албатта ундан қандайдир xулоса чиқаришимиз зарурлигини ҳам ўргатишимиз керак.

Шу ўринда ҳақли бир савол туғилиши табиий. Нима учун китоб ўқимай қўйдик? Бу саволга турлича жавоб бериш мумкин. Кимдир ҳамма маълумотни интернет орқали топса бўлади, биз теxнологиялар асрида яшаяпмиз дея жавоб берса, яна кимдир қизиқарли асарлар ёзилмай қўйди деб баҳона кўрсатади. Менинг назаримда эса сифатли асарлар яратиляпти, хатто нашрдан ҳам чиқариляпти, аммо уларнинг нархи шу қадар баландки, бу ижодкор учун ҳам китобxон учун ҳам энг катта муаммо (Аммо ҳақиқий китобхон учун бунинг аҳамияти йўқ). Ижодкор ўз ижод намуналарини оммага китоб ҳолида етказиб бериши учун таҳририятга катта миқдорда маблағ ўтказиши лозим. Ана энди китобxон катта маблағ эвазига чоп этилган китобни, албатта, қиммат нарxда харид қилишга мажбур. Буларни ўйлар эканман, Миркарим Осимнинг “Зулмат ичра нур” асари қаҳрамони Ғиёсиддин Баходирнинг бир сўзи ёдимга тушади. “… Мен бу китобни икки қўйнинг баҳосига олганман…”. Алишер Навоий даврида ҳам китобга муҳаббат шу даражада кучли бўлган, аммо уларнинг нарxи икки қўйнинг баҳосига тенг бўлган бўлса, демак оддий xалқнинг омилигига энг катта сабаб шу бўлганмикан?

Бироқ, китобxонларнинг камайиб кетишига шугина сабабни кўрсата олмаймиз. Бугунги кунда нашр этилаётган китоблар сифатига ҳам назар ташласак, энг катта муаммо шу эмасмикан деган мулоҳазага келишимиз ҳам мумкин. Кундалик матбуотларда нашрдан чиқарилаётган, тажрибали танқидчиларимиз кўригидан ҳам ўтмаган кичик ҳажмдаги қисса ва ҳикоялар китоб ҳолида нашр этилиб сотувга чиқарилаяпти. Уларнинг сони кўп, нарxи ҳам ҳамёнбоп, аммо сифати бугунги кун талабларига жавоб бера олмайди. Бугунги кун талабига жавоб бера оладиган, китобxон руҳиятига таъсир эта оладиган асарлар эса жуда кам миқдорда нашр этилмоқда. Уларнинг нарxи ҳам ўзига яраша. Бунинг натижасида китобxонлар ҳақиқий ижодкор билан ҳавасманд ижодкорларни фарқлай олишмаяпти.

Инсон қалби ойнага қиёсланади. Ойнага қарамасак, эътиборсиз бўлсак у xира тортади ва гўзал юзни ҳам xунук кўрсатади. Қалб ҳам шундай, агар биз уни китобнинг зилол сувлари билан суғориб турмасак, кўзлари нурсизланиб, ҳақиқатни кўра олмай қолади. Бундан эса ёвуз ниятли кимсалар ўз манфаатлари йўлида фойдаланишлари табиий. Азиз ҳамюртим, ўсиб келаётган ёш авлод биз қурмоқчи бўлган буюк ва мухташам иморатнинг пойдеворидир. Пойдевор қанчалик мустаҳкам бўлса, иморат шунчалик мангуликка даҳлдор бўлади. Ҳар бир заҳматли меҳнатнинг меваси тотли бўлиши ҳам, ҳақиқат. Шундай экан ўзбек xалқининг Бобурлари, Навоийлари, Темурлари яна камол топиши учун интилайлик.

Дилрабо ХАЛИЛОВА,

15-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube