ЎЗБЕКИСТОН ТАШАББУСИНИНГ ХАЛҚАРО ЭЪТИРОФИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Марожаатномаси буюк Имом Бухорий хазратларининг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асаридаги “Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсаси берилади” деган ҳадис билан бошланишида албатта жуда чуқур маъно бор.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, келгуси йилда ижтимоий соҳада амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилар эканлар, илм-фан, замонавий ва узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш зарур, халқимизда “таълим ва тарбия бешикдан бошланади” деган ҳикматли бир сўз бор. Фақат маърифат инсонни камолга, жамиятни тараққиётга етаклайди.

Шу сабабли, таълим соҳасидаги давлат сиёсати узлуксиз таълим тизими принципига асосланиши, яъни, таълим боғчадан бошланиши ва бутун умр давом этиши лозимлигини таъкидлашди.

Ривожланган мамлакатларда таълимнинг тўлиқ циклига инвестиция киритишга, яъни, бола 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган даврда унинг тарбиясига сармоя сарфлашга катта эътибор берилади. Чунки ана шу сармоя жамиятга 15-17 баробар миқдорда фойда келтиради. Бизда эса бу кўрсаткич атиги 4 баробарни ташкил этиши таҳлил қилиб берилди.

ХХ асрнинг буюк психологларидан бири Э.Фромм “Давлат иқтисодий жиҳатдан юксак чўққиларга эришсада, агар бу давлатда маънавий ҳаёт орқада қолар экан, бу идеал мамлакатнинг тараққиёти албатта инқирозга юз тутади”, деб башорат қилган эди. Ҳозирда айрим иқтисодий қудратли, лекин маънавиятни унутган давлатларнинг ижтимоий қиёфасига назар ташлаб бу сўзларнинг нақадар тўғри эканлигига ишонч хосил қилиш мумкин.

Дарҳақиқат, давлатимизнинг энг катта ютуғи мустақилликнинг биринчи кунидан бошлаб қадриятларимизни қадрлаш, тарихимизни хурмат қилишни, ўзаро муносабатларда меҳр оқибатни қарор топтиришни мақсад қилиб олганлиги бўлди. Маънавий маърифий соҳада амалга оширган ва амалга ошираётган ишлар туфайли халқимизнинг юксак маънавиятини, инсонийлик фазилатларини сақлаб, ривожлантириб келинмоқда ва шу йўналишдаги ишларимиз қанчалик фаол ва самарали бўлса шунчалик юксак маънавий чўққиларни эгаллашни даврнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Биргина 2017 йилнинг ўзида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада 25 та ислоҳот амалга оширилди. Бу ислоҳотлар дунёнинг етакчи олимлари, Ислом тадқиқотчилари томонидан тан олиниб, юксак баҳоланмоқда.

Жумладан, АҚШнинг Ж.Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти президенти Фредерик Старр ҳамда Институт директори Сванте Корнелл томонидан “Ўзбекистон: мусулмон дунёсидаги ислоҳотлар учун янги модел” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Мақолада Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар, амалга оширилаётган туб ўзгаришларга ижобий баҳо берилган. Муаллифлар юртимиздаги бу янгиланишлар мамлакат Президентининг шахсий ташаббуси асосида амалга оширилаётганини алоҳида қайд этдилар.

Экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев саъй-ҳаракати билан Ўзбекистоннинг бой диний-маънавий тарихга даъвогарлиги амалий ҳаракатларда намоён бўлмоқда. Қисқа вақт ичида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди.

“Ўзининг бой ўтмишга эга эканини эътироф этиш билан бир қаторда, Ўзбекис- тон ана шу тарихни илмий асосда ўрганиш ва ҳаётга тадбиқ қилишга ҳаракат қилаётгани бутун мусулмон дунёси учун авваллари учрамаган, янги йўналишни тақдим этмоқда”, — дейилади мақолада.

Муаллифларнинг таъкидлашича: “Минтақа, исломнинг эътиқодий маркази сифатида қараладиган Яқин Шарқдан қолишмаган ҳолда, тарихий, диний ва интеллектуал асосларига кўра, мусулмон дунёсининг маркази бўлишга ҳақли”.

Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари мусулмон дунёсининг энг илғор илмий кашфиётлари, бебаҳо диний манбалари араблар томонидан эмас, балки айнан Марказий осиёликлар томонидан амалга оширилган, деган фикрни илгари сурадилар.

Мутахассислар, энг нозик, тез жароҳатланадиган ҳиссиёт — бу миллий ва диний ҳиссиёт, деб таъ-
кидлашади. Дунёда ҳеч бир дин ҳеч қачон ёмонликни, ёвузликни тарғиб қилмайди. Марказий Осиё, унинг ажралмас қисми бўлган Ўзбекистон ва ўзбек халқи азал- азалдан диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик тимсоли бўлиб келган.

Тарихда Мусулмон Ренессанси, Мусулмон Уйғониш даври, олтин давр деб аталган VII — XIII аср оралиғида донишманд аждодларимиз томонидан яратилган буюк кашфиётлар ҳали хануз диний ва дунё-
вий илм-фанда ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Беш буюк аждодимиз — Хоразмий, Фаробий, Беруний, ибн-Сино ва Улуғбекларнинг номи дунё илм-фанига бебаҳо ҳисса қўшган буюк донишмандлар сифатида ЮНЕСКОнинг олтин китобидан ўрин олган. Имом Бухорий, ат-Термизий, Мотуридий, Замахшарий, Насафий, Нақшбанд, Кубро, Марғилоний каби буюк зотлар муқаддас Ислом таълимотининг ривожига боқий ғоялари билан таъсир кўрсатишган. Хайратланарли ери шундаки, Уйғониш даврида мусулмон ҳукмдорлари томонидан Бағдоддаги “Байтул хикма”, Хоразмда Маъмун академияси, Ғазна, Халаф, Кордова, Севилья каби шаҳарларда ташкил қилинган илмий марказларда турли миллатга мансуб ва турли динга эътиқод қилган олимлар аҳил иноқ ижод қилишган.

Хозирда Республикамизда 120 дан ортиқ миллат ва 16 та диний конфес-
сиялар вакилларининг аҳил оиладек яшаши, меҳнат қилиши анъанавий бағрикенглик ва тотувлик қадриятимизнинг ифодасидир. Мустақилликка эришганимиздан кейин айрим собиқ иттифок республикаларидан фарқли ўлароқ, тинчлик, хотиржамликда яшаб келаётганимиз эса бир томондан кучли давлат қурилмаси ўз функциясини тўла тўкис адо этаётгани бўлса, иккинчи томондан диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик тамойилига оғишмай амал қилаётганимиз, ҳар бир миллат ва диний конфессия вакилларига шу мамлакат фуқароси сифатида тенг ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатланганидандир. Вилоятимизда 12 та диний конфессиялар, 7 та миллий маданий марказлар вакиллари аҳил бир оиладек яшаб, ватан равнақи йўлида меҳнат қилишмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўзларининг Олий Мажлисга Мурожаатномаларида таъкидлаганларидек: “Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради.

Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади.

Бу – бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир”.

 Маъмуржон ОТАЖОНОВ,

Фарғона вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий маркази директори, психология фанлари номзоди.

 

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube