САЙЁҲЛИК – ДАРОМАД  МАНБАИ

Туризм – иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, ушбу тармоқни янада такомиллаштириш зарур, бу давр тақозоси. Юртимиз эса ҳам саёҳат, ҳам зиёрат учун қулай мамлакат.

Зеро, она заминимизда бутун дунёга маълум ва машҳур аждодларимиз мангу қўним топган. Улар қолдирган бой маънавий-маданий меросга, юртимизни такрорланмас табиати, халқимизнинг миллий қадриятлари, ҳунармандчилиги, бунёдкорлик анъаналарига халқаро майдонда қизиқиш катта. Ҳудди шу боис мамлакатимизда туризмнинг янги истиқболларини очиш, соҳа субъектларига сезиларли имтиёзлар тақдим этиш, қулай инвестициявий шарт-шаротилар яратишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Ўтган қисқа фурсатда туризм соҳасини комплекс ривожлантиришга қаратилган 16 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, улар ижроси юзасидан изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётгани бунинг ёрқин далилидир.

Барча жойлардаги каби шаҳримизда ҳам туризм- нинг янги истиқболларини очиш, соҳа объектлари жозибадорлигини оширишга қаратилган Президент фармонлари, Вазирлар Маҳкамаси, вилоят ва шаҳар ҳокимликларининг қарорлари ижросини таъминлаш борасида кенг қамровли ишлар ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, энг аввало шаҳримиздаги зиёратгоҳлар, ички ва ташқи сайёҳларга хизмат қиладиган меҳмонхоналар, умумий овқатланиш масканларининг паспортлари шакллантирилди. Шаҳримиздаги “Пур Сиддиқ”, “Саид Аҳмад хўжа” мажмуалари, Увайсий уй музейи, “Ёдгорлик” фабрикаси, қатор меҳмонхоналар каби туризм салоҳиятига эга объектлар ҳақида маълумотлар “Ўзбекистон.травел” порталига жойлаштирилди. Туристлар борадиган масканларда, автомагистрал йўлларда ўзбек ва инглиз тилларида ахборот берувчи кўрсаткичлар ўрнатилди. Темир йўл шох бекати, Қумтепа бозори ҳудудларида шаҳардаги умумий овқатланиш масканларининг жойлашуви ва хизмат турлари, маданий мерос объектлари, музейларга кириш чипталари, такси хизмати, бошқа биринчи даражали эҳтиёж буюмлари олиш имкониятини берувчи ахборот марказлари ташкил этилди.

Шаҳримизда ички туризмни ривожлантириш, фаол дам олиш йўналиш- ларини ташкил этишга ҳам мунтазам эътибор қаратилмоқда. Хусусан, шаҳарда мавжуд сайёҳлик агентликлари имкониятларидан кенг фойдаланиш билан бир қаторда “Ўрда таги” МФЙда тадбиркор Беҳзод Абидов томонидан хусусий “Мухлислар эътиборида” сайёҳлик агентлиги ташкил этилди. “Ўзбекистон бўйлаб саёхат қил” дастурига асосан йиллик режа жадвали ишлаб чиқилиб, фахрийлар, хотин-қизлар, ёшлардан иборат сайёхлик гуруҳлари ташкил этилиб, уларнинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент ва бошқа шаҳарларга саёхати уюштирилди. Бу саёхатларда икки минг нафардан зиёд ҳамшаҳарларимиз иштирок этдилар. Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги ва тиббиёт бирлашмаси томонидан вилоятимизнинг Шохимардон, Чимён, қўшни Наманган вилоятининг Чортоқ, Тошкент вилоятининг Товоқсой сихатгоҳлари каби сўлим гўшаларга саёхатлар уюштирилди.

— Шаҳримизда туризм индустриясини ривожлантириш мақсадида хусусий секторнинг иштирокини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилгани айниқса қувончлидир, — дейди шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси Дилдора Давлатёрова. – Ана шу мақсадда шаҳримизнинг бир қанча тадбиркорлари ўтган йили мамлакатимиз пойтахти – Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Туризм соҳасидаги биринчи халқаро инвестицион форум”да иштирок этиб қайтишди. Ҳозирда шаҳримизда ўнлаб тадбиркор ва ҳунармандлар туризм соҳасига жалб қилинган. Улар ёдгорлик маҳсулотлари, турли совғабоп буюмлар ишлаб чиқариш, мехмонхона хўжалиги, сайёхларга маданий-маиший хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилмоқда.

Дарҳақиқат, шаҳарда ички ва ташқи сайёхларга қулай шароит яратиш мақсадида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Йўл харитаси асосида шаҳримизнинг қисқача тарихи, ёдгорликлар, овқатланиш масканлари тўлиқ акс эттирилган реклама буклетлари ишлаб чиқилган. Бу борадаги тегишли қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида шаҳарда фаолият юритаётган меҳмонхоналарнинг зарур сертификатларга эга бўлиши, халқаро стандартларга мувофиқ ташқи ва ички сайёхларга хизмат кўрсатиш турларини кенгайтириш, сифатини яхшилаш бўйича изчил амалий чоралар кўрилмоқда. Хусусан, бугунги кунгача “RR Historial Development”, “Чорвадор Умаровлар”, “Водий ишонч савдо сервис” каби меҳмонхоналар ташкил этиш режалаштирилиб, уларнинг инвестиция лойиҳалари ва тармоқ жадваллари ишлаб чиқилди. Бундан ташқари шаҳардаги мавжуд меҳмонхоналарни реконструкция қилиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Мисол учун “Адрас хаус” меҳмонхонасида 300 миллион сўмлик мукаммал таъмир ишлари якунланди. Ҳозир “Адрас хотел” ва “Икат хаус” мехмонхоналарида ҳам қизғин жорий таъмир ишлари олиб борилмоқда. Собиқ “Ёғочсоз” МЧЖга қарашли маъмурий бинода янги меҳмонхона ташкил этиш юзасидан қурилиш монтаж ишларига тайёргарлик бошлаб юборилди. “Марғилон” меҳмонхонасини замонавий типдаги меҳмонхонага айлантириш бўйича лойиҳа таклифлари ўрганишга киришилди.

Бир сўз билан айтганда сердаромад ва истиқболли соҳа-туризмни комплекс ривожлантириш бўйича шаҳримиз учун ишлаб чиқилган махсус дастурлар ижроси юзасидан кенг қамровли амалий ишлар амалга оширилмоқда. Аммо, белгиланган дастур, лойиҳа, чора-тадбирлар ижросида изчиллик, давлат ҳокимияти органлари ҳамда жамоат бирлашмалари ҳамкорлиги, соҳа ривожига хусусий секторнинг жалб қилиш ишлари кўнгилдагидек деб бўлмайди. Бу борада бажарилган ишлардан кўра бажарилиши лозим бўлган ишлар кўпроқ. Ваҳолангки, бу дастурлар ижроси муваффақияти кўп жиҳатдан мазкур фактларга боғлиқ.

Шундай экан бу борада ўзаро ҳамкорликни амалий жиҳатдан кучайтиришимиз, мунтазам фаолият ва изчил ҳаракатларни жадаллаштиришимиз зарур. Чунки, бу жараён шаҳримизда нафақат сайёҳлик индустрияси ривожига балки пировард натижада шаҳримиз аҳолиси турмуш фаровонлигининг юксалишига ҳам хизмат қилади.

М.МИРЗАЖОНОВ,

ўз мухбиримиз.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube