ҲАЁТ ГУЛТОЖИ, САОДАТ СОҲИБАЛАРИ

Мухбиримиз Мастурахон Саидмуродова шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилнозахон Маъмуровна Эргашева билан шаҳар хотин-қизлари ўртасида олиб борилаётган ишлар хусусида суҳбатлашди.

— Дилноза Маъмуровна, даставвал муҳтарам Президентмизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин–қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мус- таҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони юзасидан амалга оширилган ишлар хусусида сўзлаб берсангиз?

— Мамлакатимизда аёлга эътибор кучли. Юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир аёл шаъни ва қадр-қиммати давлат муҳофазасида. Аёлларга яратилаётган шарт-шароитларга дунё аҳли ҳавас қилса арзигуликдир. Жамиятимизда оилаларга ҳам алоҳида эътибор берилади. Унинг тинч-тотувлиги, мустаҳкамлиги ҳамда оила бағрида фарзандларнинг бахтиёр улғайишлари давлат сиёсати даражасидаги долзарб масалага айланган. Президентимизнинг фармонлари асосида, аёлларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, кам таъминланган камхарж оилаларга моддий ва маънавий кўмак бериш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш устувор вазифа сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳозир шаҳримизда 116795 нафар хотин-қизлар истиқомат қилади. Худудимизда аёл кириб бормаган бирорта соҳа йўқ. Улар ҳар ишда илғор ва фаолдирлар. Бироқ, минг афсуски, уларнинг 378 нафарини оғир шароитда яшовчи, 28 нафарини ногиронлиги бор, 127 нафарини эса ишсиз аёллар ташкил этади. Биз уйма-уй юриш жараёнида оила аталмиш салтанатдаги маънавий муҳит, аёлга эътибор ҳамда унга яратилган шарт-шароитларни тўлиқ ўргандик, натижалар таҳлилига асосланиб ўз олдимизга аниқ мақсадлар қўйдик, режалар тузиб, зарурий чора-тадбирлар белгиладик.

Шуниндек, йил давомида жиноят содир этган аёлларнинг сайёр суд мажлисларида иштирок этиб, 11 нафар жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилган аёлларни ўз кафиллигимизга олиб, жавобгарликдан озод қилишга эришдик.

— Хотин-қизларнинг
муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ҳамда ногиронлиги бўлган аёлларга кўрсатилаётган моддий ва маънавий кўмак қай даражада?

—        Таъбир жоиз бўлса, аёл, она шундай улуғ зотки унинг олдида катта-ю кичик бош эгади. Онанинг буюклиги, яратувчанлиги, жонкуярлиги, фарзандларининг бир парча этлигидан тортиб то унинг навқирон бўлиб, хаётда ўз ўрнини топгунларига қадар, борингки умрининг сўнгги дамларигача улар учун парвоналигидадир. Шунинг учун бўлса керак ҳамиша жамиятимизда аёлнинг ўрни беҳад қадрли. Аёл қадр топган юрт эса ривож- ланишдан, юксалишдан тўхтамайди. Аёлга кўрсатилган эътибор, аввало унинг оиласига ва жамиятга кўрсатилган меҳр ифодасидир. Шу боис биз оғир турмуш шароитида яшаётган, уй-жойга муҳтож аёллармизнинг 16 нафарига “Зуҳро” МФЙ ҳудудидаги бошланғич бадал пули “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди
Республика дирекцияси” томонидан тўлаб бериладиган кўп қаватли уйлардан олиб бердик. Бундан ташқари, 98 нафар бемор аёлларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилди, 25 нафарига 18,6 млн. сўмлик ҳомийлик ёрдами, 182 нафарига эса ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Худди шунингдк, 30 нафар аёл доимий иш ўрнига эга бўлди, 11 нафар аёл касаначилик асосида “Ёдгорлик” МЧЖга, 86 нафари эса пул тўланадиган жамоат ишларига жалб этилиб, бандлиги таъминланди.

Ўтган йилнинг октябрь ойида “Қаддингни тут, муҳтарам аёл!” мавзусида кўнгилочар мусиқий дастур ташкил этилиб, унга 117 нафар оғир шароитда яшаётган, кам таъминланган аёллар таклиф этилди. Шу куни иштирокчи аёлларнинг ҳаётга бўлган муҳаббатлари ортиб, кўнгилларига қувонч улашилди.

Яна шуни алоҳида таъкидлашни истар эдим-ки, оиласини бекор қилиш тараддудига тушиб қолган 211 нафар оилаларнинг 188 таси сақлаб қолиниб, оилалар қайтадан тикланди. Натижада оилавий ажримлар сони ўтган йилдагига нисбатан 101 тага камайди. Жорий йилда бу рақамни яна ҳам озайтириш, яъни оилавий ажримларга имкон қадар йўл қўймаслик ниятидамиз. Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган Яраштириш комиссияси аъзоларининг саъйи ҳаракатлари билан маҳаллаларда 38 марта сайёр қабуллар ва 76 марта сайёр судлар ўтказилиб, оилавий ажримлар, келишмовчиликларга барҳам берилди.

Бундан ташқари, ёш оилаларни мустаҳкамлаш, қайнона-келин муносабатларини яхшилаш, оилалардаги меҳр-оқибат ришталарини кучайтириш мақсадида “Қайноналар анжумани” номли маънавий-маърифий, тарбиявий-аҳлоқий тадбир ташкил этилиб, унга 500 га яқин қайнона ва келинлар жалб этилди. 10 нафардан зиёд намунали оила бекалари, ибратли қайноналар шаҳар ҳокимлигининг Фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ёлғиз оналар ва шаърий никоҳ асосида яшаётган оилалар ҳам билан тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилиб, 103 нафар оилаларнинг никоҳи қонунийлаштирилди.

— Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, ҳамда уларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка жалб этиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари ҳақида тўхталсангиз?

— Шаҳримизда 1192 нафар ишсиз хотин-қизлар рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 366 нафари шаҳар бандликка кўмаклашиш марказида руйхатда туради, 826 нафари эса хотин-қизлар қўмитаси томонидан уйма-уй юриш жараёнида аниқланган. Хотин-қизларимизнинг бандлигини таъминлаш мақсадида йил давомида 16 марта бўш иш ўринлари “Меҳнат ярмаркаси” ўтказилиб, иш талаб аёлларнинг 887 нафари корхона ва ташкилотларга, 102 нафари кичик корхоналарга, 52 нафари эса касаначиликка, 151 нафари эса турли йўналишлар бўйича ташкил этилган иш ўринларига жойлаштирилди.

Шунингдек, шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган 5 та тикувчилик цехларига ҳам 55 нафар хотин-қизларимиз ишга жойлаштирилиб, бандлиги таъминланди.

“Устоз-шогирд” анъанасини ривожлантириб, шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси, “Ҳунарманд”, ва “Тадбиркор аёл” уюшмалари ўзаро ҳамкорликда 22 та ҳунармандчилик, 145 та касаначилик йўналишларида уста-шогирдлар касбга қайта ўқитилиб, ҳозирда самарали фаолият олиб боришмоқда. Бундан ташқари, “Ҳунарманд” уюшмаси билан ҳамкорликда маҳаллаларда норасмий равишда фаолият олиб бораётган ҳунарманд аёлларнинг 11 нафари уюшма томонидан “Устоз” сифатида рўйхатга олиниб, уларга 438 нафар шогирдлар бириктирилиб, ойлик иш ҳақи ва стипендиялар тўланиши йўлга қўйилди.

Шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси, Бандликка кўмаклашиш маркази, шаҳар Касаба уюшмаси, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда эса хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, бандлигини таъминлаш мақсадида 4 фоизли имтиёзли банк кредитлари ажратилди ҳамда 70 нафар хотин-қизлар замонавий маиший техникалар билан таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида тижорат банки томонидан кредит олиб ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган “Иқбол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Биби Ойша” оилавий тикувчилик корхонасига вақтинча ишсиз уй бекаларидан 16 нафари ишга жойланди. Шунингдек, “Туягум” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Баходирова Гулзода Бобурхон қизи” ЯТТнинг махсус кийимлар, ётоқ чойшаблари ҳамда аёллар либослари тикиш цехи, “Гўриаввал” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида эса “Эшонқулова Зарифахон” гўзаллик салони, келин либослари тикувчилик цехлари ҳам ишга туширилиб, 18 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.

Хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни, ҳунармандчиликни, чорвачиликни кенг йўлга қўйиш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида 58 нафар аёлларга 760 млн. 915 минг сўм миқдорида имтиёзли банк кредитлари ажратилиб, уларнинг фаолияти йўлга қўйилди.

Президентимизнинг, халқинг сени қўллаб –қувватлаб турса, меҳнат қилиб толмас экансан, деган рағбатлари, бу эътиборла, ҳаммаси аёл учун, унинг фаровон ва бахтли ҳаёт кечириши учун яратилган имкониятлардир, албатта.

Мухтасар айтганда, юртимизда меҳнат қилган одам кам бўлмайди. Шундай аёлларимиз борки, улар оддийгина, камтарона меҳнатлари билан нафақат ўз оиласига,балки, жамиятга ҳам арзирли наф келтириб, фарзандларини баркамол этиб тарбияламоқдалар. Биз улар билан ҳақли равишда фахрланамиз. Бундай фаол ва серғайрат аёллар нафақат шаҳримиз ёки вилоятимиз, балки, мамлакатимиз ҳам кўркидир.

— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube