Фахрийлар куйлаганда

Марғилон азалдан ўзининг мумтоз шоирлари, адиблари, айниқса элнинг қалбидан жой олган санъаткорлари, қўшиқчилари билан бутун Мовароуннахрга донг таратган. Ўзбек санъатининг дарғалари Тамарахоним, Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Юлдуз Усмоноваларнинг номи тилга олиниши билан маданиятимизнинг бутун бир тарихи кўз олдимизда намоён бўлади. Шаҳримизда улар билан ёнма-ён туриб ҳамнафаслик қилган, ижодларини муносиб давом эттирган устазода санъаткорлар ҳам анчагина.

“Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлимининг раҳбари, шаҳар Кенгаши раиси Турғунбой ҳожи Нишоновнинг ташаббуси билан ҳозир ҳам шаҳарда умр гузаронлик қилаётган, ўзини санъатдан айро билмаётган фахрий қўшиқчилар, мусиқашунослар, сўз усталарининг боши бир жойга жамланиб, жамғарма қошида “Шукрона” деб номланган фахрийлар дастаси ташкил этилди.

Куни кеча шаҳар Маданият уйида халқ дастасининг дастлабки концерт дастури – тақдимот тадбири бўлиб ўтди. Ансамбл қатнашчиларининг ёши 50-60-75 ёшни ташкил этади. Уларнинг аксарий қисми ярим асрдан зиёд саҳна нони яшаб, ижод қилишган. Шунинг учун ҳам тақдимот маросимида қатнашганлар уларнинг ҳар бир чиқишларини давомли қарсаклар билан қарши олишди. Саҳнада халқимизнинг мумтоз қўшиқлари, лапарлари, аскиялари янгради. Сўз ўйинлари тадбирга ўзгача жўшқинлик бахш этди. Фахрийлар дастасининг концерт дастурини мукаммал бўлишида унинг бадиий раҳбари Муроджон Султонов ҳамда ансамбл раҳбари Ғуломжон Мадумаровларнинг хизматлари катта бўлганлиги алоҳида таъкидланди.

Фахрий ижодкорларни тақдимот маросими билан “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раҳбари, вилоят Кенгаши депутати Топиволди ҳожи Холдоров, меҳнат фахрийси Муҳаммадали Маҳмудов, “Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлими раҳбари Турғунбой ҳожи Нишонов ва бошқалар самимий муборакбод этишди.

Ўз мухбиримиз.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube