Шойи кўрпадаги чипта ямоқ

Глобаллашув жараёни аёвсиз бўҳронида шиддат билан ўзгариб бораётган замонда яшаяпмиз. Дунёда нафақат манфаатлар  тўқнашуви балки инсонларни обод масканларда яхши яшаши билан шаҳарлар, қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш ҳам энг муҳим, долзарб масалалардан бирига айланганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Бу борада биргина “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини олайлик. Мана шу дастурлар ҳаётга тадбиқ этилаётган қисқа муддат ичида тўрт юздан зиёд қишловлар маҳаллаларга шаҳар қиёфаси нусҳи уриб қолганлиги, бу масканлар келажак манзилларига айланганлигини бутун дунё эътироф этиб турибди. Бу ҳайрли тадбирлар биринчи навбатда урбанизация жараёнларини тезлаштиришга, кишиларимиз ҳаётига, турмушига жўшқинлик бахш этаётганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.

Ана шу жараёнлар водий гавҳари бўлган Фарғона шаҳрида ҳам мисли кўрилмаган миқёсларда амалга оширилди. Оддий мисол яқинда қўшни давлатларда истиқомат қилаётган бир танишимиз Фарғонага ташриф билан келибди. Меҳмоннинг уч синглиси Фарғонага келин бўлиб тушган, лекин бу гал шаҳарнинг қиёфасини умуман таний олмай, сингиллари яшайдиган манзилни тополмасдан қўнғироқ қилган экан.

Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки сиз билан биз ҳар куни шу шаҳарда яшаб, шу кўчалардан юриб бир-биридан гўзал хиёбонларни кезиб хордиқ масканларида дам олиб, шиддат билан шаҳримиздаги ўзгаришларни сезмай қолар эканмиз. Бу дилбар шаҳарга икки уч йил аввал келиб энди ташриф буюрганлар эса ҳайратларини сира яшира олишмайди. Демак, бундай ўзгаришлар фақат тинч, осуда, халқ дарди билан яшаётган юртдагина содир бўлаётганлигини бот-бот такрорлашдан сира чарчашмайди.

Лекин ҳамма нарсанинг ўз мавриди, вақти бор. Шаҳардаги айрим бундан бир асар илгари қурилган, баъзиларининг ёши шаҳар ёши билан тенг бўлган бинолар, иморатлар, уйлар ўз даврини ўтаб бўлган. Биз ҳарқанча уларни асраб авайлашга ҳаракат қилмайлик, тарих бешавқат замон тўзонлари ўз изини қолдиради. Албатта уларнинг ўрнига ҳам замонавий, дунё эътирофидаги меъморчилик талабларига жавоб берадиган осмон ўпар бинолар қурилади. Бу ҳақиқатни ҳеч ким инкор эта олмайди, тарих ғилдиригини эса орқага қайтаришни хеч ҳам иложи йўқ.

Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак Фарғона шаҳрининг Навоий шох кўчаси, Сохибқирон  Темур ва Фаробий кўчалари чоррахалари орасида жойлашган массивдаги 12 та уйларнинг на меъморчилиги, на қиёфаси, на коммуникация тизимларига уланганлик даражаси бугунги кун талабига жавоб бермаслиги ҳақида анчадан бериб гап юради. Бу маскан ҳақиқий ўзбекча қилиб айтганда шаҳримизни чиройлик гуркираб турган шои кўрпага қиёсласак ундаги чипта ямоққа айланиб қолган эди. Чипта ямоқ эса нафақат гўзал манзарани бузибгина қолмай одамларнинг кайфиятига, турмушига ҳам салбий тасир кўрсатар эди. Боз устига бу ўтган аср кулбасига ўхшаб қолган манзилнинг атрофида энг замонавий коллежлар, меҳмонхоналар, осмон ўпар турар жойлар қад ростлаганди. Унинг ўрнига замонавий меҳмонхоналар, кўнгил очар комплекслар бунёд этиш режаси белгиланганда шаҳар аҳли бу хабарни мамнуният, манфаатдорлик хисси билан кутиб олди.

Шу ўринда шундай мажмуага эҳтиёж борми деган ўринли савол туғилади. Албатта борда. Чунки илгарилари вилоятимизга, Фарғона шаҳрига аҳён-ахёнда меҳмонлар, сармоядорлар, чет эллик туристлар ташриф буюрган бўлса, бугун уларнинг оқими ой сайин, ҳафта сайин эмас, кун сайин ортиб бормоқда. Боз устига вилоятимиз халқаро миқёсдаги форумлар, анжуманлар, фестивалларга мезбонлик қиляпти. Фақат шу йилнинг ўзида Қўқон шаҳрида “Хунармандчилик бўйича халқаро фестивал”, Марғилон шаҳрида эса “Атлас” байрами, халқаро фольклор фестивалларига тайёргарлик кўриляпти. Бу дунё эътироф этаётган машваратларга ўнлаб, юзлаб эмас, минглаб меҳмонлар ташриф буюради. Улар эса биринчи навбатда шаҳарнинг инфратузилмаси, маиший объектлари, қулай меҳмонхоналар борлигини суриштиришади. Шундай экан шаҳримизда беш қаватлик, жаҳон эътирофидаги тўрт юлдузлик меҳмонхоналарга эҳтиёж борлигини манашу оддийгина мисол ҳам кўрсатиб турибди-ку!

Шойи кўрпадаги чипта ямоққа ўхшаб қолган бу маскандаги даври ва замони ўтаб бўлинган 12 та уйни шу ерда истиқомат қиладиганларнинг розилигини олиб, уларни шаҳарнинг энг кўркам Чимён ва Шохимардон вохаларининг тоза хавоси уфуриб турадиган масканга қурилган замонавий уйларга кўчириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Албатта кўпчилик барча коммуникация тизимларига эга, ўзлари яшаган жойларидан унча олисда бўлмаган турар жойларида бир бирярим баробар кенг хонадонларга кўчиш истагини билдиришди. Лекин баъзи бир мана шу жараёндан ҳам ўзларининг ғаразли мақсадларида фойдаланиб қолиш истагида бўлган тўрт беш хонадон бизни розилигимизсиз бошқа жойга кўчиришяпти деб аюханнос солишдан чарчашмаяпти.

Юртимизда амалга оширилаётган шиддатли, жўшқин ўзгаришларни кўра олмайдиган тирноқ орасидан кир ахтарадиган баъзи бир кимсалар эса уларнинг чўпчакларига шерик бўлишмоқда. Нохолис сайтларда, радио эшиттиришларда уларнинг “манфаатлари” химоячиси бўлиб чиқишмоқда. Лекин бу биз учун янгилик эмас. Улар авваллари ҳам пашшадан фил ясашга устамон бўлиб кетишганлигини афкор омма жуда яхши билади.

Шу ўринда манашундай ҳолатлар бошқа мамлакатларда йўқми деган савол туғилади. Бундан 25 йил аввал бугун дунё савдо марказига айланган Дубай шаҳри пахса, лой синч бинолардан иборат шарқона шаҳарча эди. Ҳозир улардан ном нишон йўқ. Лекин бирор бир кимса бу ҳақда дунёга аюханнос солганини ҳам эшитмадик. Собиқ Иттифоқнинг рамзига айланган Москва шаҳридаги 2000 ўринли “Россия” меҳмонхонаси бундан икки йил аввал так томири билан бузиб ташланиб, ўрнида кўкка бўй чўзган замонавий меҳмонхона қад ростлади. Бирор бир кимса бу меъморчилик обидаси деб намойишга чиққани йўқ. Чунки биз тилга олган бу давлатларда бундай масалаларга ижобий маънода, ақл кўзи билан қараб муносабатда бўлишади.

Бизни яна бир нарса ўйлантириб қўяди. Вилоятимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, ойда эмас, кунда эмас ҳар дақиқада рўй бераётган ўзгаришларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш ҳақида гап кетганда ўзини четга оладиган айрим ҳамкасбларимиз биз юқорида тилга олган массивдаги қурилиш учун эски бинолар бузилаётганлигини эшитибоқ манашу воқеалар атрофида уймалашиб қолишади. Қўлларида сафарлари учун бирор бир рухсатнома, ҳужжат бўлмай туриб ўзларини “азият чекаётганларнинг” ҳимоячиси қилиб кўрсатмоқчи бўлишади. Уларнинг айримлари манашу ерда киндик қони тўкилиб, шу ернинг нони ейиб, ҳарф таниб, одам бўлганлигини унутиб қўйишмаяптимикан деган ўринли савол туғилади. Ахир инсон биринчи навбатда ўз юртининг ватанпарвари, содиқ ўғлони бўлиши керак эмасми?

Халқимизда “Ит хурар, карвон ўтар” деган асрлардан-асрларга, даврлардан-даврларга ўтиб келаётган ибратли мақол бор. Албатта шиддат билан қудратли тўқиндай, тўфондай жадал илдамлаётган замон қадамига болта уриб бўлмайди. Улар минғиллайдими, чўпчагини айтавермайдими, барибир юртимиздаги бунёдкорлик ишлари илдам бардавом давом этаверади. Лекин манашу ҳақиқатни унутмасалар бас. Зеро уларга бундан беш аср бурун аввал ҳазрат Алишер Навоий бобомиз томонидан битилган бир зархал ғазалдан намуна келтирмоқчимиз:

Ким қилса иморатки, қадр топгай,

Чун исми тарихларда боқий қолгай,

Не чоққача ул биноки маъмур бўлиб,

Ани исми эл тилига машҳур бўлгай.

Дарҳақиқат, бугун мана шу масканда бунёдкорлик ишларини амалга ошираётган, унга бош қош бўлаётганлар тарихда ўз номларини ифтихор билан қолдиришларига шак шубҳа йўқ.

Набижон СОБИРОВ,

Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутати, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube