Меҳнат ярмаркаларида

Педагогика коллежида шаҳримизда ишсизликни бартараф этиш, фуқароларни мунтазам ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилиш, меҳнатга лаёқатли, ижтимоий ҳимояга муҳтож шаҳар аҳолиси, ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган навбатдаги бўш иш ўринлари – меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди. Мазкур меҳнат ярмаркасида 72 та корхона, ташкилот ва муассасалар иштирок этишди.

Улар иш излаётган шаҳар аҳли, маҳсус ҳисобдан чиқарилган, жазо муддатини ўтаб қайтган шахслар, оғир турмуш шароитидаги хотин-қизлар учун турли йўналишдаги 457 та иш ўрнини таклиф қилишди.

Вилоят прокуратураси, шаҳар ҳокимлиги, шаҳар ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари, хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликдаги мазкур меҳнат ярмаркасида таклиф этилаётган иш ўринлари иқтисодий-ижтимоий талаб ва имкониятлари тўлиқ кўрсатиб ўтилди. Ҳар бир иш изловчи, ёшлар билан иш ўринлари ҳарактери, таснифи, шунингдек меҳнат қонунчилиги юзасидан мутахассислар индивидуал суҳбатлар ўтказиб, зарур ҳуқуқий маслаҳатлар бериши айниқса аҳамиятли бўлди.

Натижада шу куни шаҳримизнинг 97 нафар фуқароси доимий ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилинди. Эллик нафар иш изловчилар эса касбга қайта ўқишга жалб этилди.

Афсуски, жуда чиройли, кенг қамров билан ташкил этилган бу меҳнат ярмаркасида МФЙларнинг фаоллиги сезилмади. Зеро, ярмаркада иштирок этган иш изловчиларнинг сони шаҳардаги ишсизлар умумий миқдорининг атиги 10-15 фоизини ташкил этди холос.

Бу эса фақат аҳоли бандлигини таъминлаш маркази, ҳокимлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига эмас, энг аввало маҳалла фуқаролар йиғини раҳбарлари ва фаоллари, жамоат бирлашмаларидан ҳам алоҳида жонбозлик, ижтимоий фаоллик талаб қилади. Шундагина ўтказилаётган меҳнат ярмаркалари тўлиқ самара беради.

М.МИРЗАЖОНОВ.

Д.РАҲМОНОВ олган сурат.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube