Қарзлар  ундирилмоқда…

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ шаҳар мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан тўлов интизомини мустаҳкамлаш ва жавобгарликни кучайтириш, ижро иши юритишнинг самарадорлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар мунтазам амалга ошириляпти. Бу борада мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундиришга қаратилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор берилмоқда. Зеро, тўлов интизомини мустаҳкамлаш суд қарорлари ижросининг самарадорлигини ошириш, жамиятда қонунийликни
мустаҳкамлаш билан бирга, фуқароларнинг бу борадаги шахсий масъулиятини кучайтиришга ҳам хизмат қилиши шубҳасиз.

Бироқ, шунга қарамай айрим фуқаролар томонидан белгиланган солиқ, коммунал хизматлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўламаслик ҳолатлари учраб турибди. Шаҳар МИБ хабарларида айни шу ҳақда-мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан суд ижро ҳужжатларига асосан мажбурий тўловларни ундириш бўйича ижро ҳаракатлари, уларнинг натижа ва оқибатлари ҳақида фикр юритилган.

Ноқонуний фаолият қимматга тушди

Музаффар Мамадалиев “Ласетти” русумли шахсий автомашинасида пуллик транспорт хизмати кўрсатиш ҳуқуқини берувчи лицензиясиз кира қилишни одат тусига киритиб олган эди. Таниш-билишларининг бу қонунсиз фаолият эканлиги ҳақидаги огоҳлантиришига у парво қилмади. Оқибатда ўтган йилнинг ноябрида Фарғона шаҳрида Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган рейд жараёнида ноқонуний фаолият устида қўлга олинди. Унга нисбатан қўзғатилган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан маъмурий иш ҳужжатлари билан танишиб чиққан Фарғона шаҳар маъмурий судининг сайёр мажлисида эса ҳуқуқбузар М.Мамадалиевга нисбатан 2 миллион 432 минг 760 сўм миқдорида жарима тайинлаш ҳақида қарор қабул қилинди. Яқинда шаҳар МИБ бўлими томонидан ҳуқуқбузардан белгиланган жарима суммаси ва қўшимча равишда 24 500 сўм ижро суммаси тўлиқ ундириб олинди.

Ҳа, ноқонуний фаолият ҳамшаҳримиз Музаффар Мамадалиевга ана шундай қимматга тушди.

Хатга тушдинг-ўтга тушдинг

Шаҳардаги “Тошкесар” МФЙ “Ипакчи” кўчасида истиқомат қилиб қилаётган фуқаро Нурилло Фалайдинов давлат солиқ инспекциясидан 4 миллион 493 минг 250 сўм солиқ қарзини тўлашдан бўйин товлаб, пайсалга солиб келаётган эди. Солиқ қарзини тегишли ижро ҳужжатига асосан ихтиёрий тўлашлик учун 15 кунлик муддат ичида тақдим этилишига қарамай қарздор бундан тегишли хулоса чиқармади. Оқибатда МИБ ходимлари томонидан амалдаги тартиб асосида Нурилло Фалайдиновга тегишли бўлган 1 хонадан иборат нотураржой объекти рўйхатга олиниб, мухрланиб, қарздорлик бартараф этилмай, сотувга қўйилиб, тушган маблағ қарздорликни бартараф этишга йўналтирилиши ҳақида огоҳлантирилди.

“Хатга тушдинг-ўтга тушдинг” деганларидек бу амалий чора қарздорга самарали таъсир ўтказди. Ҳар ҳолда қарздор Нурилло Фалайдинов зиммасидаги солиқ қарзини дарҳол узди. Ҳатто, ҳеч қандай баҳона ҳам излашга уринмади. Ҳа, мулкини хатловга олиш қарздорнинг “ухлаб ётган” виждонини уйғотди. Фақат кечиккан иқрори, пушаймонлиги учун Нурилло яна қўшимча 172 минг 240 сўм давлат божини ҳам миқ этмай тўлашга мажбур бўлди. Бу сабоқ бундан буён унга қарзларни ўз вақтида тўлаш фойдалироқ эканини эслатиб турса, ажаб эмас!…

Ҳасис икки ҳисса тўлайди…

Худди шунингдек, А.Яссавий номли МФЙ “Тинчлик” кўчасида истиқомат қилувчи Исроилжон Муқимов ҳам ДСИ фойдасига зиммасидаги 828 минг 437 сўм қарзини тўлашни пайсалга солиб, баҳоналар билан қарзни тўлашдан бўйин товлаб юрган эди. Ҳатто фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судининг бу ҳақдаги қарори ижросини менсимади. Бироқ, бу айёрлик, ўжарлик унга ҳам қимматга тушди. зеро, хасис қарздор қарзини бир ярим ҳиссадан зиёди билан тўлашга мажбур бўлди.

Гап шундаки, тегишли огоҳлантиришга қарамай қарздор ижро ҳужжатида кўрсатилиш талабларни узрсиз сабабларга кўра бажармай келди. Оқибатда унга тегишли бўлган автотранспорт воситасига тақиқ солиниб, қарздорлик батараф этилмаса автотранспорт воситаси сотувга қўйилиб, тушган пул маб-лағи қарздорликни бартараф этишга йўналтирилиши ҳақида огоҳлантирилди. Натижа узоқ куттирмади! Исроилжон барча баҳоналарини “унутиб” солиқ қарзини дарҳол батараф этди. Бироқ, энди кеч эди. Ҳар ҳолда Исроилжон суд қарорига кўра қарзини ўз вақтида тўламаганлиги учун тайинланган энг кам иш ҳаққининг икки баробари 405 минг 460 сўм миқдоридаги жаримани ҳам 86 минг 120 сўм миқдоридаги давлат божини ҳам тўлашига тўғри келди. Шуни айтсалар, керакда, хасис доимо икки хисса тўлайди, деб… Исроилжон Муқимовнинг хасислигини билмадигу, ҳар ҳолда ўжарлиги, қарзини тўлашини пайсалга солиб, баҳоналар кўрсатишлари шундай якун топди. Қарзни тўламасликнинг иложи бўлмади, қўшимчасига бож ва жаримани тўламаслик учун баҳона ҳам қолмади…

Мажбурий ижро бюроси шаҳар бўлими томонидан ўтказилаётган қарздорликни ундириш бўйича назорат тадбирлари жараёнида яна ҳамшаҳарларимиз Потма Ҳақиқовадан 8 миллион 522 минг 414 сўм солиқ қарзи ва Улуғбек Абдуллаевдан маст ҳолда транспорт воситасини бошқаргани учун 5 миллион 68 минг 250 сўм мажбурий жарима миқдори тўлиқ ундириб олинди. Буларнинг барчаси Мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаётган, ёки уларни ўз вақтида тўлашни пайсалга солаётганлар учун ибратли сабоқ, шундай экан қарздор бўлмасликка ҳаракат қилинг, қолаверса, тўлов интизоми хотиржамликнинг демак, тараққиёт ва фаровонликнинг муҳим шарти. Шундай экан, буни унутманг!.

Иброҳим МАМАДАЛИЕВ,

Файзулло ХОШИМОВ,

шаҳар МИБ давлат ижрочилари.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube