АМАЛИЙ ҲАМКОРЛИК САМАРАСИ

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва мавқеини юксалтириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилишга доир давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари, жамоат ташкилотлари, ўзини-ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда бу борада изчил самарали тадбирлар ўтказиб келмоқда.

Жумладан, шаҳар хотин-қизлар қўмитасининг суд органлари билан аёллар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка мойил хотин-қизларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, улар билан якка тартибда иш олиб бориш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашиши бўйича кўрилаётган амалий чора-тадбирлар яхши самара бермоқда. Мисол учун ҳамкорликда ўтказилган чора-тадбирлар натижасида ўтган йили аввалги 2017 йилга нисбатан хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 59 тага ёки яқин 50 фоизга камайди.

— Энг муҳими, —  дейди – шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Эргашева. – Биз шаҳардаги МФЙлари, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқ- бузарлик ҳамда бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида ҳамкорликда аниқ режа асосида ҳаракат қиляпмиз. Бу борада суд органлари билан ҳамкорлик айниқса амалий самара бермоқда. Хусусан, ўтган йили ҳуқуқбузарлик ҳолатига йўл қўйган, 47 нафар аёлларни биз кафилликка олдик. Бу аёлларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашиб, содир бўлган ҳолатларининг сабаб ва оқибатларини ўргандик. Ҳар бир аёлнинг ижтимоий ҳаётга мослашувига кўмаклашиб, уларнинг бандлигини таъминлаш чораларини кўрдик. Натижада, ҳуқуқбузарликка йўл қўйган хотин-қизларнинг аксариятини ижтимоий фаоллигини таъминлашга эришилди. Шу боис бу борада жорий йилда ҳам изчил ҳамкорликни давом эттиряпмиз.

Ҳақиқатдан ҳам хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини-олиш, уларнинг ижтимоий реабилитацияси ва ҳаётга мослашиши бўйича ҳамкорликдаги чора-тадбирлар изчил давом этмоқда. Мисол учун, ўтган ҳафтада жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг очиқ суд мажлисида фуқаро Мунира Бадалованинг Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми билан айблаш ҳақидаги жиноят иши ҳам хотин-қизлар қўмитаси, МФЙни вакиллари иштирокида кўриб чиқилди. Суд жараёнида М.Бадалованинг қилмиши рад этиб бўлмайдиган далиллар билан исботланди. Айбланувчи қилмишига тўлиқ иқрор бўлиб, оилавий, ижтимоий ҳолати ночорлиги, қилмиши ҳуқуқий оқибатларини англамагани учун бундай ножўя ҳаракатга йўл қўйганини билдириб, қаттиқ пушаймонлик изхор қилди. Суд жараёнида жиноятга жазонинг муқаррарлиги таъминланди. Бироқ, суд шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, МФЙнинг кафиллигини эътиборга олиб, энг енгил жазо чорасини қўллади.

Бир сўз билан айтганда, ҳуқуқбузарликка йўл қўйган яна бир аёл оиласи бағрида қолдирилди. Хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фуқаролар йиғини бундай ножўя ҳаракатга йўл қўймаслиги учун уни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилиш, ҳимоялаш чораларини кўришди. Ҳамкорликдаги бундай амалий чоралар эса энг аввало жиноятлар содир этишга мойил хотин-қизларни соғлом турмушга қайтариш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш билан бир қаторда суд жараёнинг очиқлиги, ошкоралиги, шаффофлиги ва таъсирчанлиги юксалишига хизмат қилмоқда.

 М.МИРЗАЖОНОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube