ВАТАН УЧУН КЎКСИМ ТОҒ

Байроғинг бошингда ҳилпирар,

Порлагай истиқлол машъали.

Хумо қуш қошингда ялтирар,

Қалқондир ўзбегим аскари!

Муҳташам ва муаззам Эркин Воҳидов номидаги “Ижодкорлар боғи”га қадам ранжида қилар экансиз, боғнинг мовий самосида янграётган жанговар руҳдаги ҳарбий қўшиқлар одимларингизни тезлаштириб, юрагингизда ҳур диёрга бўлган муҳаб- бат туйғуларини янада жўш урдиради. Беихтиёр унга жўр бўласиз. Дунёда она Ватан муҳаббатидан-да буюкроқ туйғу, буюкроқ муҳаббат йўқлигига амин бўлиб, унинг оддий, бироқ қиймати қиёссиз тупроғини кўзларингизга тўтиёдек суртгингиз келаверади. Шу тўрт фасли мафтункор ва бетакрор юртда туғилганингизга такрор–такрор шукрона келтириб, Онажон Ўзбекистоним мангу бўл омон, дея ҳайқиргингиз келади баралла, баланд!

Боғнинг ўнг томонида Ўзбекистон Қуролли кучларининг шавкати ва қудратини намойиш этгувчи қурол-аслаҳалар-у, замонавий ҳарбий техникалар саф тортган. Бир гуруҳ билаги кучга тўлган, енгилмас жасур аскарлар жанговар ҳарбий машқларни тезкорлик ва ўта чаққонлик билан бажариб, йиғилганларни ҳайратга солдилар.

Байрамнинг бадиий ва тақдирлаш қисми Ёш ижодкорлар мактабининг шинам ва байрамона
безатилган залида бош- ланди. Саҳна тўрида буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг сурати ўрин олган. Тўрга осилган “Ватан муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” деган шиор эса барчанинг қалбига кўтаринлик ва ҳаяжон бахш этади.

Анжуманда сўзга чиққан шаҳар ҳокими М. Убайдуллаев ҳарбийларни 14-январь Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил топган куннинг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан қиғин табриклади. Сизлар Ватаннинг нафақат ишончи ва таянчи, балки жасур ва матонатли ҳимоячисидирлар. Бугун Миллий Армиямиз чинакам эр ўғлонлар, шерюрак йигитлар мактабига айланган десам, асло муболаға бўлмайди. Сизлар борки, онажонлар дуоси, кичкинтойлар кулгуси ҳаётимизни нурафшон этаверади, — деди.

Мамлакатимизнинг улуғвор мадҳияси тинглангандан сўнг шаҳар ҳокими М.Убайдуллаев, шаҳар Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи А.Мусақулов, ҳарбий қисм командири Э.Балтаев Қуроли кучлар тизимида самарали фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ ҳарбийларни шаҳар ҳокимлигининг Фахрий Ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирладилар. Сўнгра саҳнада Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди ва З.М.Бобур сингари халқ қаҳрамонларининг енгилмас, жасоратли сиймолари гавдаланиб, уларнинг ватанпарварлик руҳи билан суғорилган мардонавор сўзлари йиғилганлар қалбини фахру ғурурга тўлдирди.

Ватан учун кўксим тоғ,

Қалқондир шаним…

Шукуҳли анжуман давомида аскарлар томонидан жанговар руҳдаги ҳарбий санъатни намойиш этгувчи машқлар ҳам ижро этилди. Уларнинг бўрондек ҳаракатларидан Мангуберди жасорати ёғилар, йиғилганлар эса давомли қарсаклар билан олқишлардилар.

Ким юртидан ёвни қувса мендирман ўша…

— Байрам тадбирида иштирок этаётганимдан жуда мамнунман. Мен бугун шаҳар ҳокимлигининг Фахрий Ёрлиғи ҳамда эсдалик совғаси билан тақдирландим. Бу кўрсатилган эҳтиром ва рағбат мени келгусида Ўзбекистон Қуролли кучлари сафида янада шижоат ва матонат билан хизмат қилишга ундайди, — деди 99541-ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Фаррух Сулаймонов. Ўзбекистон Республикасига ва унинг халқига садоқат билан хизмат қиламан ҳамда ўз зиммамдаги масъулиятни шараф билан уддалайман.

Қутловлар табрикка, таб- риклар концерт дастурига уланди. Илҳом Иброҳимов, Нуриддин Асқаров, Акмал Саъдихонов каби элнинг суюкли хонандалари ўзларининг дилбар қўшиқлари билан кечага янада файз киритдилар.

Байрам тадбиридан қайтаётган каттаю- кичик, йигиту қиз, ҳарбийдан тортиб, оддий одамгача бир қўшиқни хиргойи этарди:

Ким юртига содиқ бўлса мендирман ўша…!

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube