Жасоратим, сен учун ватан

Мустақиллик йилларида халқимиз эришган энг катта бойлик, ҳеч шубҳасиз тинч-тотув ҳаётимиздир. Ана шу осойишта ва барқарор ҳаётнинг мустаҳкам қалқони – миллий армиямизнинг барпо этилиши билан узвий боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида шаҳар ҳокимлиги, шаҳар Давлат архиви, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди шаҳар бош- қаруви билан ҳамкорликда “Ватан ҳимояси муқаддас бурч” шиори остида шаҳар Давлат архиви биносида фото-ҳужжатлар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Кўргазманинг очилиш маросимида сўзга чиққан шаҳар Мудофаа ишлари бўлим бошлиғи Азамат Мусакулов, “Марғилон ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири, вилоят Кенгаши депутати Набижон Собиров, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича шаҳар Кенгаши раис ўринбосари Юсуфжон Усмоновлар тадбирга ташриф буюрган шаҳардаги 99415-сонли ҳарбий қисмнинг оддий аскар ва сержантларини байрам билан самимий муборакбод этиш билан бир қаторда жонажон Ўзбекистонимизда мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг кафолати бўлган миллий армиямизни шакллантириш йўлида амалга оширилган кенг кўламли ишлар хусусида мамнуният билан тўхталиб ўтдилар.

Шундан сўнг барча тадбир иштирокчилари кўҳна тарих хотиралари муҳрланган кўргазма намойиши билан яқиндан танишдилар.

Тинчлик ва осойишталигимиз посбонлари – Ватан ҳимоячилари куни мамлакатимизда миллий байрам сифатида кенг нишонланиши бежиз эмас, -дейди 99415-ҳарбий қисм капитани Исломиддин Мамасолиев. — Зеро, юртда тинчлик ва осойишталик барқарор, сарҳадларимиз мустаҳкам экан, кўнгилга шоду ҳуррамлик сиғади, элга байрамлар ярашади, халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи ортади. Мустақилликни янада мустаҳкамлашнинг кафолати бўлган Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар миллий армиямизнинг жанговар тайёргарлиги ва ҳарбий салоҳиятини янада оширишга хизмат қилаётгани, ёшлар орасида ҳарбий хизматга бўлган иштиёқ кундан-кунга сезиларли ортаётгани эса қувонарли ҳол албатта. Юрт хизматига ҳамиша шай ўғлонларимизнинг эртанги порлоқ кунидан эса кўнглимиз тўқ.

Байрам тадбири шаҳардаги “Марғилон” тўйхонасида ташкил этилган бир пиёла чой устида шаҳар Маданият уйи хушовоз ҳонандарининг ҳарбийларимизни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари садоси остида давом этди.

Зеро, қишнинг қировли, ёзнинг жазирама кунларида ҳам чегарада киприк қоқмай турган мард ва жасур алп ўғлонларимиз бор экан, юртимиз тинч, халқимиз ҳамиша хотиржам ҳаёт кечиради.

Абдубанноб МАНСУРОВ.

А.РАҲМОНОВ олган сурат.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube