Қўкда қалқон, ерда посбонсиз

Шарқий ҳарбий округнинг Фарғона дала ўқув майдонида “Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурч!” шиори остида фестиваль бўлиб ўтди.

Ушбу фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, ўттиз минг нафардан зиёд  шаҳар-туманлардан ташриф буюрган ҳамюртларимиз, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ҳарбий соҳа  фидойилари жам бўлди.

Ўқув майдони бўйлаб ҳарбий хизматчиларнинг саф кўриги ҳамда кўргазмаси ташкил этилди. Ҳарбий техника намуналари, жанговар шайликка тайёрловчи қурол-аслаҳалар, аскарларнинг турмуш тарзини акс эттирувчи кўргазмалар ёшларда катта таассурот қолдирди.

Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмлар, миллий гвардия, ички ишлар, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ўқув-спорт техника клуби томонидан тайёрлаган намойишда армиямиз салоҳияти, ҳаво сарҳадларимиз қудрати ўз ифодасини топди. Ҳарбийларнинг тантанали чиқишларини йиғилганлар мамнуният  билан олқишлади.

– Бугунги фестивалга ўзимиз яратган авиа, ракета ва кема моделлари асосида тайёрланган кўргазмалар билан ташриф буюрдик, – дейди Фарғона шаҳар “Ватанпарвар” ўқув-спорт техника клуби аъзоси, 24-мактаб ўқувчиси Ҳикматилло Мелиқўзиев. – Аскар ва чегарачилар билан самимий мулоқотда қилдик. Бундай тадбирлар биз ёшларни Ватанимиз, Қуролли Кучларимиз билан фахрланишга ундайди.

Фестиваль вилоятимиз ёшларининг фаоллиги ва жонбозлиги туфайли янада шукуҳли бўлди. Ҳар бир ҳудудда баланд ҳилпираган мамлакатимиз байроғи дилларни дилларга, қалбларни қалбларга пайванд этди.    Вилоятимизнинг таниқли хонандалари томонидан Ватанни, тинч-осойишта ҳаёт, мардлик ва жасоратни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради, рақслар ижро этилди.

Тадбирда вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев иштирок этди.

Мадаминжон СОЛИЖОНОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube