АЁЛ – ЖАМИЯТ КЎЗГУСИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини республикамизнинг барча хотин-қизлари, фахрийлари қатори мен ҳам катта қизиқиш билан ўқиб-ўргандим. Юртбошимизнинг бу чиқишларини шак-шубҳасиз мамлакатимиз ҳаётида улкан янгилик бўлди, дея оламан.

Мурожаатномада Муҳтарам Президентимиз хотин-қизлар ва ёшларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш масалаларига эътибор қаратишга алоҳида урғу бердилар.
Дарҳақиқат, эртамиз эгаларини дунёга келтириб, камолга етказадиган аёлларимиз, опа-сингилларимиз ҳамиша эъзозу эътиборда. Бу борада мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хотин-қизларга эътибор ҳамма вақт барча саъй-ҳаракатларимиз марказида бўлиши, ҳаммамизнинг вазифамизга айланиши керак, дейди давлатимиз раҳбари.
Барча маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлгани каби ўзим фаолият кўрсатаётган “Янги боғ” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш борасида мунтазам назорат ишлари йўлга қўйилган. Айниқса, маҳаллада ишлаш истагида бўлган хотин-қизларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, аёлларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка жалб этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Қолаверса, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида алоҳида тушунтириш ишлари мунтазам олиб борилади. Опа-сингилларимизнинг тиббий маданиятини ошириш, кам таъминланган оилаларга манзилли тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Зеро, аёлларимиз жамиятимизнинг кўп қисмини ташкил этади, агар статистик маълумотларга назар солсак, жумладан, республика аҳолисининг 51 фоизи хотин-қизлардан иборат бўлиб, қишлоқ хўжалигида 39 фоиз, илм-фанда 37 фоиз, халқ хўжалигида 42 фоиз, соғлиқни сақлаш тизимида 73 фоиз, халқ таълимида 65 фоиз хотин-қизлар фаолият кўрсатар экан. Республикамизда олий ва ўрта махсус таълимга эга бўлган муахассисларнинг ҳар иккинчиси аёлдир.
Хусусан иш фаолиятимиз давомида бундан буён ҳам Президентимиз Мурожаатномаларига асосан мамлакатимизнинг асосий бўғинларидан бири саналган ёш хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг онги ва қалбида она-Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик, фидойилик ҳиссини қарор топтириш ва ривожлантириш, турли мафкуравий таҳдидлардан асраш сингари вазифаларга сидқидилдан ёндошиб хизмат қилишга ҳаракат қиламиз.

Зубайдахон
АҲМЕДОВА,
Янги боғ” МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси раиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени нишондори.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube