Марғилон шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси ва шаҳар “Қайноналар кенгаши”нинг шаҳримиз фуқароларига маҳалла фаоллари, қайнона-қайнота, келин-куёв, ота-она ва устозлар, нуроний отахон ва онахонларига МУРОЖААТИ

Мамлакатимизда оилалар фаровонлигини таъминлаш, оила муаммоларини ўрганиш, унинг маънавий ва иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5325-сонли фармони ижроси бўйича қилинаётган ишлар бунинг яққол далилидир. Бажарилаётган бу ишларга қарамай шаҳримизда оилавий низолар, ажримлар кўпайиб бормоқда. Оилавий келишмовчиликлар, ажримлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, нафақат ёшларни оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, балки оила катталари бўлмиш қайнона-қайноталарни ҳам келин олиб, қиз узатишга тайёр эмасликларининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Барчамизга маълумки, оила жамиятнинг биринчи ва бирламчи бўғини бўлиб, жамият шу бўғинлардан ташкил топади. Оила тинч бўлса, турмуш фаровон, унда баркамол фарзандлар камолга етади, акс ҳолда турмушдаги нотинчлик келажагимиз бўлган фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатиб, жиноятчилик, гиёхвандлик кўпайиб оилага, жамиятга зарар келтиради.
Ҳурматли маҳалла фаоллари, ҳаёт тажрибасига эга бўлган нуроний онахонлар, ҳожи ота ва ҳожи оналар, ибратли оила катталари, отинойилар!
Эр-хотин, қайнона-келин, қайнона-куёв ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасида юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича ҳар бир тараф билан якка суҳбатлар олиб бориш, муаммоларни туб моҳиятини аниқлаб, бу оилаларни муросага келтиришда ўз вақтингиз, билимингиз, ҳаётий тажрибаларингиз бўйича чиқарган хулосаларингизни ишга солиб оила муаммосини ечимини топишда фаол ва фидойи бўлайлик. Сизни иштирокингиз ва маслаҳатингиз билан ажримни олди олинса, сиз шу оилани мустаҳкам бўлишига ҳисса қўшиб, ўртадаги фарзандларни тирик етим бўлиб қолишидан сақлаган бўласиз. Бу бизнинг фуқаролик ва инсонийлик бурчимиз эмасми?
Азиз қайноналар!
Хонадонимизга катта умидлар билан келин бўлиб келган қизимизни асраш, оилангиз муҳитига ўргатиш, оилавий муносабатларни сингдириш, камчилиги учун ҳадеб койимасдан, билмаганини билдириб, оналикка тайёрлаш сизнинг вазифангиз эмасми? Келин соғлом бўлса, келажакда наслимиз давомчилари соғлом бўлиб, сулолангиз бардавом бўлади. Келинга берган меҳрингиздан меҳр кўрасиз. Вақтики келиб оилангизга яхшилик, фароғат, мехр-оқибат бўлиб қайтадиган меҳрингиз уруғини аяманг.
Ёш оила вакиллари бўлган келин-куёвлар!
Куёв бола, умр йўлдошингизга уйингиздаги шароитни, қонун-қоидаларни, моддий аҳвол, оила аъзоларини феъл-атворини таништириб, уқтириб борадиган Сиз бўласиз. Асло келинни камчиликларини юзига солиб камситманг. Ундан меҳрингизни аяманг. Ҳурматингизни сақланг. Келинни қариндошларини ҳурмат қилинг. Ёлғон гапирманг. Келинни ишончини йўқотманг, хиёнат қилманг. Оилани иқтисодий таъминоти учун меҳнат қилиб чарчаманг.
Келин қизимиз, сиз келин бўлиб тушган хонадонни сирини хеч қачон кўчага олиб чиқманг. Оилада ўз ўрнингизни топишингиз учун 3-4 ой эмас, йиллар керак бўлади. Қайнона-қайнотангизни ўз ота-онангиздек кўринг. Улардан ширин сўзингизни, меҳнатингизни аяманг. Қудалар ўртасидаги меҳр-оқибат, ҳурмат ришталарини йўқолишига сабабчи бўлманг. Атрофингизга қараб, яхшилардан ибрат олинг. Китоб ўқиб, маънавий оламингизни бойитинг. Ибратли келин бўлиб, маҳалладаги келинларга намуна бўлишга ҳаракат қилинг. Умр йўлдошингизга вафодор бўлинг.
Ҳурматли ота-оналар, масъулиятли касб эгаси бўлган устозлар!
Ҳар қандай тарбиянинг бетакрор ўчоғи оила эканлигини ёдингиздан чиқарманг. Нотинч, низоли оилаларда вояга етаётган фарзандларни таълим олишига етарли шароит яратишда оила имкониятларини ўрганинг. Уларни назоратсиз қолдирманг. Қизиқишлари асосида турли хил спорт ва фан тўгаракларига жалб этишда фаоллик кўрсатинг. Таълим муассасаларида ўқувчилар, айниқса қизлар ўртасида эрта никоҳни олдини олиш борасида суҳбатлар ўтказиб, соғлом турмуш тарзини тарғибот қилишдан чарчаманг. Билим сифатига эътибор қаратинг. Маҳалла фуқаролар йиғинлари қошидаги “Ота-оналар университети” машғулотларига фарзанд тарбиясига эътиборсиз ота-оналарни жалб қилинг. Машғулотларни қизиқарли ва таъсирли бўлишида иштирок этинг.
Ҳар бир ўғил-қиз келажакда оила эгаси бўлишини унутмаган ҳолда уларни келажакка, турмушга тайёрлаб боришда ўз тажрибангиз ва билимингизни аяманг.
Азиз маҳалла фидойилари!
Ёш авлодни тарбиялашда, оилаларни мустаҳкамлаб, рўйхатга олинган нотинч оилаларни ибратли оила вакилларидан, ҳожи она, ҳожи оталардан мураббийлар бириктириб, мазкур оилаларнинг ҳар бирини соғломлаштириш бўйича чора-тадбирлар белгилашда фаол иштирок этинг. Ёш қайноналар мактаби фаолиятини йўлга қўйинг. Никоҳ ёшидаги қизларни рўйхатга олиб, уларга оила, оилавий муносабатлар бўйича маслаҳат ва кўрсатмалар бериб боринг. Яраштириш комиссиясига тушган ҳар бир ариза, мурожаат билан ишланг. Шундай ишлангки, сизни якка тартибдаги суҳбатларингиз самараси оила тикланганлигида кўринсин. Тўй-маросимларни ихчам, дабдабасиз ўтишида маҳалланинг обрўли отахон-онахонлари иштирокини таъминланг. Маҳаллада ажримларга барҳам бериш, жиноятчиликни олдини олишда ҳамкорликда иш олиб боринг. Маҳаллангиз “Ажримлари йўқ” маҳаллалар сафида бўлишига эришинг.
Оилалар тинчлиги-юрт тинчлиги пойдеворидир. Турмуш фаровонлиги, тинчлиги йўлида қилган ҳар бир савобли ишимиз Президентимиз олиб бораётган бунёдкорлик ишларига қўшган энг муҳим ҳиссамиз бўлади.
Жаннатмакон юртимизга, доно Юртбошимизга, меҳнаткаш халқимизга асло кўз тегмасин.

2018 йил 25 декабрь куни бўлиб ўтган шаҳар “Қайноналар анжумани” да қабул қилинган.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube