КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш юзасидан изчил чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Бироқ, жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий ҳаётига хавф соладиган, тараққиётига тўсиқ бўладиган, ислоҳотлар самарадорлигини жиддий пасайтирувчи иллатлар ҳам борки, бундай иллатлар фуқароларнинг давлат ҳокимияти органларига бўлган ишончини пасайтиради, норозилигига сабаб бўлади, жамият ва инсонлар азият чекади. Шундай иллатлардан бири – коррупциядир.

Дунё ҳамжамияти Коррупцияни тараққиётга тўсиқ бўлаётган глобал муаммо деб тан олди, унга қарши муросасиз курашиш лозимлигини таъкидлади. 2003 йил 31 октябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Коррупцияга қарши конвенция”си қабул қилинди, БМТ Ривожланиш Дастурининг назарий таҳлилига кўра, коррупцияни вужудга келишида шахсий манфаат ва ўзбошимчалик, ҳисобдорсизлик ва ошкорасизлик каби омилларнинг роли катта.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Қонуннинг 3-моддасида “Коррупция – шахснинг ўз мансаби ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфааталарини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш” деб тушунча берилган.

Мазкур қонунда коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ҳамда бу борадаги давлат сиёсатининг муҳим йўналишлари мустаҳкамланган. Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ваколатли давлат органлари – Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти қайд этилиб, органлар фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясини ташкил этиш белгиланди.

Фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг мазкур соҳадаги иштироки ҳамда халқаро ҳамкорликка оид қоидалар белгилаб берилди.

Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва уларнинг ҳисобдорлигини таъминлаш, бу борада парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, мамлакатнинг суд-ҳуқуқ ва маъмурий бошқарув тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилиш, жамиятда корруцияга нисбатан муросасиз муносабатни яратиш, коррупцион ҳаракатларни аниқлаш ва бартараф қилиш учун хизмат қилувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш қонун ижроси юзасидан бажарилиши лозим бўлган муҳим вазифалардан ҳисобланади.

 Музаффар САЛИМОВ,

Фарғона вилоят ИИБ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлими тергов бўлинмаси бошлиғи, майор.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube