Фарғона анорлари АҚШ ва Европа давлатларида маҳаллийлаштирилмоқда

Фарғона вилоятида анорчиликни янада ривожлантириш, серҳосил ва иқлим шароитига мос янги навлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Дунёда анорнинг юзлаб турлари мавжуд. Айрим манбаларда антик даврда ҳатто уруғсиз анорлар мавжуд бўлгани ҳақида маълумотлар келтирилади. Мамлакатимизда анорчилик мактаби илк бор Қувада ташкил этилиб, бутун Осиёда тажриба сифатида ўрганилган. Бугунги кунда Қува туманида 470 та фермер хўжалиги 1 минг 800 гектар майдонда анор етиштириш билан шуғулланмоқда. 835 гектар майдонда янги анорзорлар барпо этишга киришилган.

“Фарғона анорчилик” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги агрофирмада ҳам соҳа ривожи йўлида янги лойиҳа амалга оширилмоқда. Анор етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш ҳамда экотуризм хизматлари кўрсатишга ихтисослашган агрофирманинг 300 гектар ерида анорнинг 10 дан ортиқ харидоргир, экспортбоп навлари парваришланмоқда. Икки йил ичида анорзор плантациясининг 80 фоизи ҳосилга кирди. Бу йил 200 минг туп анор кўчати қаламчалари тайёрланиб, кўчатчилик тармоғига асос солинди. 2019 йилдан йилига 10 миллион дона анор кўчати тайёрлаш ва буюртмачиларга етказиб бериш кўзда тутилмоқда. Ҳозирги кунда Жанубий Корея, Малайзия, Эрон, Чили, Озарбайжон сингари ўнлаб мамлакатларда Фарғона анорчилиги тажрибасини ўрганишга қизиқиш катта. Ватани Фарғона вилояти бўлган қаюм, қозоқи каби анор навлари бугунги кунда АҚШ ва Европа давлатларида маҳаллийлаштирилмоқда. 2025 йилгача анорзор майдонини 2 минг гектарга етказиш режалаштирилган. Анорзорлар тўлиқ ҳосилга киргач, 10 минг тонна маҳсулот етиштирилади.

– Анор таркибидаги антиоксидант моддалар инсон организмини ёшартириш хусусиятига эга, – дейди агрофирма раҳбари Мастура Сайфуддинова. – Бундан ташқари, анор пўстлоғидан, дарахтининг гули, барги ва илдизидан турли дори препаратлари ва хушбўй косметик воситалар тайёрлаш мумкин. Айни пайтда дунёда анорнинг 140 дан зиёд нави мавжуд бўлиб, вилоят ҳокимлиги кўмагида қишлоқ хўжалиги соҳаси олимларини жалб этган ҳолда, агрофирмада ташишга яроқли, экспортбоп янги навларни парваришлаш, маҳаллийлаштириш, ўзаро чатиштириш орқали янги навлар яратиш устида илмий изланишлар олиб борилмоқда. Илмий тажрибадан маълум бўлишича, Қува анорининг шарбатлилик даражаси 50-55 фоиз бўлиб, бу дунё миқёсидаги энг яхши кўрсаткичлардан биридир.

Президентимиз жорий йил 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида мазкур агрофирма фаолияти билан танишиб, анорчиликни ривожлантириш, янги навлар яратиш, мутахассислар тайёрлаш борасида тавсия ва таклифлар берган эди. Бу борада вилоятда аниқ тадбирлар ишлаб чиқилди. Фарғона давлат университетида анорчилик бўйича мутахассис тайёрлаш йўлга қўйилди.

Юртимизда сув тақчил бўлиб турган бир пайтда анорни томчилаб суғориш йўлга қўйилган. 20 гектар майдон томчилаб суғоришга тўлиқ ўтказилган, боғдан даромад олина бошланганидан кейин эса томчилаб суғориладиган ер майдонлари ҳажми йилдан-йилга ошиб боради. Анорни етиштириш билан бирга, уни қайта ишлаш ҳам муҳим масаладир. Агрофирма томонидан анордан шарбат олиб, уни қадоқлаш, парфюмерия маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида лойиҳа ишлаб чиқилди.

Анорга нафақат юртимизда, балки ташқи бозорда ҳам талаб катта. Фарғона заминида етиштирилаётган анор жаҳон бозорида янада довруқ қозонади.

 

М.Сулаймонов, ЎзА

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube