КАСБИМ – ИФТИХОРИМ!

400 нафардан зиёд шифокорлар шаҳар жамоатчилиги олдида касбга содиқлик, халқимизга чин дилдан хизмат қилишга тантанали қасамёд қилдилар.

Яқинда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президентимиз Ш.М.Мирзиёев мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг олий мақсади халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилаш, одамларни рози қилиш эканлигини таъкидлаб, бунда сифатли тиббий хизматнинг алоҳида ва муҳим ўрин тутишига аҳамият қаратди. Тиббиёт ходимларининг кенг жамоатчилик, фаоллар олдида қасамёд қилишлари муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳақида гапириб ўтди.

Шаҳар ҳокимлигида Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши, шаҳар жамоатчилиги иштирокида бўлиб ўтган тадбирни қисқача кириш сўзи билан очган шаҳар ҳокими Мирзоҳид Убайдуллаев соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, мазмун-моҳия- тига тўхталар экан, юқоридаги видеоселекторда давлатимиз раҳбари тизим ходимлари олдидаги муҳим, яқин истиқболдаги ва стратегик вазифаларга тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг, шаҳар Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Авазбек Ғаниев сўз олиб, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари кутилган натижаларга эришиш, шаҳримиз аҳли тиббий хизматидаги янгиланишлар ва ўзгаришларни сезишлари учун бор имкониятларини ишга солиб, масъулият билан ишлашга интилаётгани ҳақида сўз юритди ва Ўзбекистон Республикаси шифокорининг қасамёди матнини ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг, тадбирда 400 нафардан зиёд шаҳримиз тиббиёт ходимлари ўз касбларига садоқатли бўлишга, халқимизга чин дилдан ҳалол ва виждонан хизмат қилишга, Суқрот, Абу Али ибн Сино сингари улуғ табибларнинг шонли анъаналарини давом эттиришга, ўз қасамёдларига умрларининг охирига қадар содиқ қолишга тантанали суратда қасамёд қилдилар.

— Бугун касбимдан яна бир бор фахрландим, — дейди, оилавий поликлиника бош ҳакими Адҳамжон Бобораҳимов. – Зеро, ҳамкасбларимиз билан биргаликда қасамёд қабул қилиб, ҳамшаҳарларимиз олдида халқимизга чин дилдан хизмат қилишга тантанали ваъда бердик. Сўзсиз бу қалбимизда касбимизга чексиз ифтихор туйғусини уйғотди.

Тадбирда сўз олган фахрий шифокор, «Нуроний» жамғармаси шаҳар Кенгаши раиси Турғунбой Нишонов шифокорларни қутлаб, шаҳар аҳли номидан масъулиятли, шарафли фаолиятларида омад ва муваффақиятлар тилади.

 

М.ҲАБИБ.

Д.РАҲМОНОВ олган сурат.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube