“НАВОИЙ ВОРИСЛАРИ”

Буюк мутафаккир ва шоир ҳазрат Мир Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, унинг юксак инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган асарлари мазмун-моҳиятини халқимиз, айниқса ёш авлодга чуқурроқ сингдириш мамлакатимизда олиб борилаётган маънавий-маърифий ислоҳотларнинг муҳим йўналишидир. Навоий ҳазратларининг оташнафас байтлари ҳаётимизга болалик чоғимизданоқ кириб келиб, жамийки одамийлик туйғулари — иймон, инсоф, диёнат, садоқат ва вафодан сабоқ берган.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши “Ёшлар қаноти” томонидан бир неча йиллардан буён мунтазам равишда ўтказилиб келинаётган “Навоий ворислари” рес- публика кўрик-танлови ҳам адабиётга, шеъриятга шайдо ёшларнинг билим-салоҳиятларини синовдан ўтказиб, уни янада мустаҳкамлашда яқиндан кўмак бермоқда.

Ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди, айниқса асарлари мазмун-моҳиятини навқирон авлод онгига янада чуқурроқ сингдириш,ўзбек мумтоз адабиёти, миллий маънавиятимизнинг ривожланишида улуғ мутафаккир бобомизнинг ижодини том маънода халқ мулкига айлантириш ҳамда халқ таълими тизимида жонбозлик кўрсатаётган она тили а адабиёти фани ўқитувчиларини рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган мазкур кўрик-танловнинг вилоят босқичида Алишер Навоий бобомизнинг камида 50 та ғазалини ёд олган 11 ёшдан 16 ёшгача бўлган жами 20 нафар мактаб ўқувчилари муносиб иштирок этди.

— Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойиши ижроси доирасида ташкил этилган ушбу кўрик-танлов буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг қолдириб кетган чексиз маънавий меросини кенг оммалаштиришда муҳим омил бўлмоқда, -дейди Ўз- МТДП Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси девони бўлим бошлиғи Ҳамдам Ниёзов. – Навоийнинг ибратли умр йўли ҳамда бебаҳо ижоди, бой ва мукаммал маънавий меросидан ўсиб келаётган навқирон авлодни баҳраманд этиш, партиямиз ғоя ҳамда мақсадларига ҳар жиҳатдан мос ва ҳамоҳангдир.

Танлов низомига кўра, “Энг кўп ғазал ёд олиш”, “Ғазални беҳато ва ифодали ўқиб бериш” ва “Ғазал матнининг насрий баёни (ёзма шарҳи)ни ярата олиш” ҳамда “Ғазал матнидаги тушуниш қийин бўлган сўзларни изоҳлаб бера олиш” каби шартлар бўйича иштирокчилар бор билим ва маҳоратларини ишга солдилар.

Навоий ижодини ўрганиш, ёхуд навоийхонлик кечалари фақат шоирнинг таваллуд кунида эмас, балки йил давомида ўтказилиши анъана тусини олган. Дарҳақиқат, Навоий ижоди лирикаси, ғазалларининг мавзу йўналиши, талқини, изоҳлари, шоир шеъриятидаги жанр ва тимсолларга доир машғулотлар кўплаб ёшлар ва китобсеварларнинг билими, маънавий дунёсини янада бойитиш имконини беради.

Ғазалхонлик кечасида ҳар бир иштирокчи ўзининг буюк мутафаккирга бўлган меҳру муҳаббатини ёд олган ғазалларини ифодали ўқиб беришлари орқали яна бир карра исботлаб бера олдилар.

Танлов низомига кўра ўз маҳоратини тўла ёритиб бера олган уч нафар ғолиб-иштирокчилар номи эътироф этилди. Унга кўра 1-ўринга Риштон туманидаги 19-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Ойдиной Жўраева, 2-ўринга Фарғона туманидаги 47-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Рухшона Холматова ва ниҳоят учинчи ўринга Тошлоқ туманидаги 15- умумий ўрта таълим мактаби 9-синф ўқувчиси Дилшода Алижонова муносиб деб топилди.

Ғолиблар ҳамда барча танлов иштирокчиларига ЎзМТДП ва шаҳар ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Абдубанноб МАНСУРОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube