БАХТ БЕКАТИДА АДАШГАНЛАР…

Оила… Кичик, мўъжазгина Ватан. Аждодларни улғайтирган, авлодлар камол топадиган муқаддас маскан, мустаҳкам қўрғон. Оилада отанинг онага, онанинг отага, ёинки, фарзандларнинг отасию- онасига, ота-оналарнинг эса фарзандларига бўлган беқиёс меҳр-муҳаббати, узилмас қариндошлик ришталари қанчалик
мустаҳккам ва ишончли бўлса, бундай оилаларда умргузаронлик қилаётган оила аъзоларининг умр йўллари чароғон, бахтли ва фаровон бўлиши шубҳасиздир.

Оила… ўзаро ҳурмат ва меҳр мужассам даргоҳ. Она болаларига меҳрибон, ота эса жонкуяр, посбон, талабчан ва бироз қаттиққўл. Оилада ҳар бир шахснинг ўз ўрни ва ўз сўзи бор. Баъзан отани болалар тингласа, баъзан ота болаларини тинглайди. Ҳар бир иш ўзаро ҳамжиҳатликда амалга оширилади. Ҳеч ким бир-биридан беҳудага ранжимайди. Агар бирор хатолик юз берса, дарҳол олди олинади. Энг муҳими ўзаро меҳр ва оқибат кучли. Улар эт ва тирноқдек қалбан уйғунлашиб кетган. Бундай оилалар жамият кўрки, инсоннинг бахтиёр яшаши учун мустаҳкам ва ишончли қўрғондир. Надоматларким, барча оилаларда ҳам баркамол, соғлом муҳит ҳукмрон дея олмаймиз. Орамизда ота ёки онанинг калтабинлиги сабаб ота ёки она меҳрига зор бўлиб, яшаётган, кўча-кўйда отаси қўлидан етаклаб кетаётган болаларни кўрса вужудини бир олам ғусса ва ўкинч қамраб оладиган болалар ҳам бор, албатта. Ахир уларнинг ҳам ота ва оналари бағрида бахтиёр яшашга ҳаққи бор эди-ку? Нима учун уларга бахтли болалик насиб қилмади?, деган аянчли, аммо жавоби мавҳум ўй ўтади онгу шуурингиздан. Кичкинтойларнинг кўзчалари сўник, меҳр истаган мурғак қалбларига изтироб, алам ҳамроҳ бўлиб қолган. Кекса онасига ёхуд бирон-бир қариндошига ташлаб кетилган, инкор этилган болалар, аччиқ қисматларнинг аччиқ тақдири… Отаси тирик, бироқ у ўз пушти камаридан бўлган фарзандларини худди кераксиз буюмдек ташлаб кетган… Дилбандининг мунчоқ кўзларидан оқаётган ёшларига заррача ҳам эътибор бермайди. Ўлмайди, нонини топиб еяверади… Мен боқмасам онаси бор, ёки давлат бор, боқиб олади.. шунга ҳам бошимни оғритиб ўтираманми!, дейди гумроҳ ота бепарво қўл силтаб… Эй, нодон, ахир у бола-ку, тирик жон, унинг қалбини шикастлайсан, дегудек бўлсангиз устингиздан кулади…

… Ўлмайди… Ортига ўгирилмай кетган бағритош ота йиллар ўтсада фарзандидан хабар олмайди… Кемтик меҳр, кемтик тақдир билан улғайган бола охир-оқибатда катталарга ишонмай қўяди, баъзан улардан нафратланади. Ўз билгича яшай бошлайди… Меҳрга ташна-ю, уни тополмаган дилгир болалар қисмати ўртайверади қалбингиз тубини.

…Бир танишимнинг оиласи бузилиб, бир ўғил, бир қизи билан ажралишиб кетишади. Ўғил отаси билан, қизалоқ эса онаси билан қолади. Она ўғлини соғинади, бироқ кўролмайди. Ўзаро шунга келишишган. Агар она ўғли билан учрашгудек бўлса, эри қизини ҳам тортиб олиб қўйишидан қўрқади. Аёл бир маҳалла нарида яшайдиган ўғлининг дийдорига зор. Баъзан пана-пана жойларда дилбандининг йўлини пойлайди. Ўғилнинг қулоғига эса онаси шу қадар жирканч аёл сифатида қуйилган-ки, боланинг қалбидаги нафрат уни волидаси томон етак- ламайди…Аламли, айро йўллар…

Бироз таскин топмоқ ниятида рақамларга мурожаат қиламиз. Бироқ ракамлар юки елкамизни баттар эзади. Биргина шаҳримизда ёлғиз оналар сонининг ортиб бораётганлиги, оилавий ажримларнинг кўпайганлиги, оила ва никоҳ муносабатларига лоқайд муносабат юзага келаётганини ва низолар илдиз отаётганини анг- латади. Нотинч оилалар сони фалонча дейилади, ҳисобот маълумотида. Қоғоз ҳиссиз, у гапирмайди. Менинг эса ичимдан нимадир узилгандек бўлаверади. Эссизгина, дейман дил оғриғила. Агар шу йилнинг ўтган 9 ойи давомида ажрими бекор қилинган 133 та оилаларда 1 нафардан фарзанд бўлса 133 нафар боланинг, агар 2 нафардан бўлса 266 нафар боланинг кўзларида ёш… Катталарнинг фаросатсизлиги, беқарорлиги шикастлаган уларнинг митти юракчаларини. Агар болалар кўпроқ бўлса яна ҳам аянчли. “Нотинч оилалар” “мақомини” олган бу оилалар қачон тинчийди..! Қачон ота-онасининг бемаъни жанжалларидан безган кичкинтойларнинг кўз ёшлари тинади?! Кичикларга ором бермайди улар, уларнинг мурғак қалбларига бемаъни қилмишлари билан озор етказаверадилар… Раҳм-шафқат, ҳурмат каби оддийгина инсоний тушунчаларни унутган бу “меҳрибон ота-оналар!” кун келиб қилмишидан уялармиканлар?

Бундан ҳам ачинарлиси жорий йилда ҳам  шаҳримиздаги ўнлаб оилаларнинг суд ҳукми асосида ажрим этилганидир. Ана, ҳукм чиқди, оила бузилди. Халқимизнинг “Қушнинг ҳам уяси бузилмасин”, деган ҳикмати ўз қимматини йўқотди. Энди ота ўз йўлига кетади, аксарият ҳолларда эса она болалари билан қолади. Кечагина бир оила бўлиб қовушган жуфтлик бугун ёт бегонага айланади қолади… Ахир кетма-кет фарзандлар дунёга келгандан кейин бир-бирини инкор этмоқлик нечун, буни қандай изоҳламоқ мумкин? Қай йўсин тарозига солсанг ҳам, тош босмайдиган баҳоналарга ўхшайди уларнинг рўкачлари…

Инсон зотининг ўз боласини инкор этиши ҳатто ҳайвонларда ҳам учрамайдиган чиркин ҳолат. Ҳатто қуш ҳам боласини қанот чиқариб, токи мус- тақил учишни ўргатмагунча ташлаб кетмайди. Уни бало-қазолардан асраб улғайтиради, тишида тиш-
лаб озуқа топиб келади. Уларни кузатсанг, ҳатто ўн марталаб полапонларига емиш ташийди, оғизларини каппа-каппа очиб турган полапонларига емиш улашади-ю зудлик билан ортига қайтади, оғзини яна озуқага тўлдириб қайтиб келади улар…

Азизим ота-оналар! Фарзандингиз — дилбандингиз. Токи тирик экансиз уни ташлаб кетманг. Болангиз тирик етим бўлмасин! Турмушда оғир ва барқарор бўлинг. Болажонларнинг жажжи қалбчасини шикастламанг, кўз ёшларини оқизманг. У ҳеч қачон сизнинг меҳрингизга зор, юзингизни кўрмоққа эса интизор бўлмасин. Агар ташлаб кетган бўлсангиз, уни ҳузурига шошилинг. Ҳайрат тўла кўзларидаги қувончни кўринг. Фарзанд буюм эмас, у тирик жон, уни армонларга кўмманг. Қўлингизни беринг, у кичик жуссасини елкангизга қўйсин ва дунёда меҳрсизлик деган ёқимсиз туйғу борлигини унутсин!

Болажоним, бағримга келинг, денг ва қулочингизни керинг, у бағрингизга сингиб кетсин. Бола учун Она бағри бахт, иқбол уммони!

Болаларимиз бахтиёр камол топсин ва уларнинг осмондек мусаффо ва беғубор қалбларига асло гард юқмасин! Оилаларимиз барчамиз учун мустаҳкам қўрғон, метин қалъага айлансинки, уни бузишга ҳеч қандай кучнинг қудрати етмасин! Ана ўшанда баралла оилаларимизни мустаҳкам қўрғон дея, атай оламиз.

Фарзанд ҳаётимиз юлдузи, у ҳамиша ёрқин ёғду таратиб, чарақлаб турсин!

Оилаларимиз барқ уриб яшнагувчи, мангу сўлмас меҳр ва муҳаббат бўстонига айлансин!

 Дилнозахон ЭРГАШЕВА,

шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube