ТИНЧЛИК ВА ОСОЙИШТАЛИК ЙЎЛИДА…

25 октябрь – Ички ишлар идоралари ходимлари куни

Бугунги кунда Ватанимиз равнақи, халқимиз эришган оламшумул натижалар юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг янги янада юқори босқичга кўтарилгани бот-бот тилга олинмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, барча ютуқ ва натижаларимизнинг энг муҳим омилларидан бири, бу албатта, юртимиздаги тинчлик, осойишталикдир.

Ана шу бебаҳо неъмат – юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш биз ички ишлар ходимларининг кундалик фаолиятимиз мезонидир. Бу муқаддас, машаққатли ва шарафли бурчни муносиб адо этаётган мамлакатимиз ички ишлар идоралари ходимлари сафида бизнинг шаҳар бўлимимиз шахсий таркиби ҳам бор.

Дарҳақиқат, барча жойлардаги каби бизнинг бўлимимизда ҳам кейинги йилларда тизимдаги туб ислоҳотларни оғишмай ҳаётга тадбиқ этиш, хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида шаҳримиздаги криминоген вазият, жиноятчилик ҳолати ижобий ўзгариб, жиноятчиликка ва ҳуқуқбузарликка қарши кураш самарадорлиги кескин ўсди. Бунга жорий йилнинг ўтган даврида бу борада амалга оширилган ишлар ёрқин мисол бўлиши мумкин.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтган даврда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда қатор профилактик тадбирлар ўтказилди.

Бу тадбирлар жараёнида ҳуқуқбузарлик содир этганлиги, жиноятга мойил бўлганлиги шунингдек шахсини аниқлаш мақсадида навбатчилик қисмига, милиция таянч пунктларига келтирилган фуқаролар, кенг аҳоли қатламлари билан кўплаб профилактик сухбатлар, тезкор амалий тадбирлар ўтказилди.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўтган 9 ойида шаҳар ҳудудида содир этилган 237 та жиноятнинг 95.7 фоизи ўз вақтида фош этилиб, ҳар бир жиноят бўйича жазонинг муқаррарлиги таъминланди. Шаҳар бўйича умумий жиноятлар 31.7 фоизга, жиноят қидирув йўналиши бўйича жиноятлар 48.8 фоизга камайтирилди. Шунингдек, ўтган даврда оғир, ўта оғир, талончилик, фирибгарлик, ўғирлик сингари жиноятлар сонини бир мунча камайтиришга муваффақ бўлинди. Автомобил олиб қочиш, хорижга чиқиш ва Ўзбекистонга кириш билан боғлиқ жиноятларга тўла барҳам берилди. Ўтган 9 ойда кенг жамоатчилик билан узвий ҳамкорлик туфайли “Йўрмадўз”, “Ватан”, “Хўжа Порсо”, “Қиргули”, “Туягум”, “Ёйилма” ва “Ипак йўли” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида бирорта ҳам жиноят содир этилмади.

Маъмурий амалиётда амалга оширилган майда безорилик ва спиртли ичимликларни қуйиб сотишга рухсат этилмаган жойда спиртли ичимлик ичганлиги учун расмийлаштирилган баённомаларнинг профилактик таъсири натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида безорилик, баданга енгил тан жарохати етказиш, қотиллик, талончилик айниқса оила турмуш муносабатлари доирасида шунингдек, маст ҳолда жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида профилактик ҳисобда турган муқаддам судланган шахслар 100 фоиз маъмурий назоратга олинди.

Бироқ шуни очиқ айтиш зарурки бугунги фаолиятимиздан кўнглимиз тўқ эмас. Зеро, фаолиятимизда жиноятларнинг тез ва тўла очилиши, жамоатчилик, айниқса таълим муассасаларидаги муҳокамалар самарадорлиги, жиноятчиликнинг туб илдизиларини аниқлаб, уларни бартараф этиш борасида камчилик ва муаммолар мавжудлигидан кўз юма олмаймиз. Бу ҳақда мухтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев бошчилигида жиноятчиликни барвақт олдини олиш, бу борада Ички ишлар органлари ва бошқа давлат органларининг масъулиятини янада ошириш, тизимдаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам очиқ ва батафсил айтилди. Шу боис ҳозир шаҳар жиноятчиликка қарши курашувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгаш, давлат идоралари, жамоат ташкилотлари, ўқув юртлари жамоалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашимиз зарур. Профилактика тадбирларини изчил давом эттириб, уларнинг самарадорлигини юксалтиришга эришишимиз керак.

Шу боис бўлимимиз шахсий таркиби зиммамиздаги бу масъулиятли вазифаларни фидоийлик била адо этиш, аҳоли ўртасида қонунчилик тарғиботи таъсирчанлигини ошириш юзасидан кенг тушунтириш ишлари олиб боришга астойдил ҳаракат қилмоқда. Бўлимимизда зиммамиздаги вазифани тўла адо этишга қодир малакали ходимлар кўп. Улар орасида ХПБ катта профилактика инспекторлари майор Дилмурод Содиқов, Исроил Жалолов, капитан Шавкат Бойдадаев, Элбек Турдиев, Ортиқали Эгамбердиев, катта лейтенант Бахтиёр Лойиқов, Дилмурод Ғофуров, Қобил Акбаров, Азизбек Абдуллаев, ЖҚБ катта тезкор ходими, капитан Баходир Адҳамов, ЖҚБ тезкор ходими, лейтенант Баходир Аҳмедов сингари ўз бурчларини бугунги кун талаблари даражасида уддалаётган, юксак касб маҳорати ва салоҳиятига эга, барча ҳамкасбларига намуна бўлаётган ҳодимларимиз борлигидан фахрланамиз. Ана шундай фидоий ходимларимизнинг сидқидилдан қилаётган меҳнати туфайли биз анъанавий касб байрамимизни муносиб кутиб олаяпмиз. Демак, олдинда турган вазифаларни ҳам муввафақиятли адо этишимизга шубҳа йўқ.

Имкониятдан фойдаланиб мен юртимиздаги барча ҳамкасбларимизни, тизимимиз меҳнат фахрийларини ички ишлар идоралари ходимлари куни байрами билан самимий қутлайман.

Ўрни келганда таъкидлаб ўтиш жоизки, шу азиз Ватан барчамизники. Унинг равнақи, хавфсизлиги учун ҳаммамиз масъулмиз. Тинчлигимиз, осойишталигимиз юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги асоси экан бу
хайрли ишдан ҳеч ким ўзини четга олмаслигига ишонаман. Шу боис, осойишталик ва тинчлик йўлида ҳамкорликни янада кучайтириб ва такомиллаштириб, эзгу мақсадимиз шаҳримизни жиноятчиликдан ҳоли, обод, кўркам гўшага айлантириш учун барча имкониятларни ишга солишдан иборат.

 

Шавкатжон ДАДАХОНОВ,

шаҳар ИИБ бошлиғи, майор.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube