БОЛАНИНГ БЕГОНАСИ БЎЛМАЙДИ…

дейди шаҳар ИИБ ВЕН гуруҳи катта инспектори, майор Саодат ЖЎРАЕВА

Саодатхон қўлидаги соатига қаради. Яна бироз кечикибди. Фарзандлари йўл қараб ўтиришгандир. Ахир бугун уларнинг касб байрамлари нишонланадиган муборак кун. Иш ўз номи билан иш-да…Остонадаёқ оила аъзолари уни гулдасталар билан кутиб олди.

Умрининг йигирма икки йилини Ички ишлар бўлими органларида беҳаловат, жонбозлик ва фидойилик  билан ўтказаётган Саодатхонинг ҳар бир куни сермазмун ва  серташвиш. Кимлардир саёҳатга чиқиб кўнгилочар жойларда дам олиб ҳордиқ чиқарар, бироқ бундай ором- саргузаштлар Саодатхон учун бегона. У ҳамиша  кундалик юмушлар, масъулиятли вазифалар билан банд. Ота-онаси томонидан  калтакланган боланинг  ҳуқуқини ҳимоя қилиш, ёхуд жиноят кўчасига кириб қолган болани тўғри йўлга солиш, мактабга бормаётган боланинг дарс қолдириш сабабларини аниқлаш, ёинки номаълум сабабларга кўра уйидан қочиб кетган болани топиб, оиласи бағрига қайтариш  дейсизми, ҳаммасига  у   бирдай  масъул.

—       Бизнинг соҳада  иш ҳамиша тиғиз. Саодатхон опа жуда жонкуяр, касбига содиқ аёл. Шу боис бўлса керак жорий йилда  шаҳримизда вояга етмаганлар ўртасида  жиноятчилик 10 тадан 4 тага камайди. Бундан ташқари, йил бошида 37 нафар ВЕН ҳисобида турган болалар бўлса, шу кунга қадар уларнинг 25 таси қайта тарбияланиб, тарбияси оғир болалар рўйхатидан чиқарилди, дейди шаҳар ИИБ ВЕН катта инспектори, капитан Акмалжон Мирзалиев..

— Узоқ йиллик иш тажрибам давомида шунга амин бўлдимки, аксарият жиноят ва ҳуқуқбузарликлар асосан нотинч оилалар, ёки ота-онаси чет элга ишлаш учун чиқиб кетганлар, яъни назоратсиз қолган болалар ўртасида содир этилади. Ахир бола ҳамиша тарбияга муҳтож, уни ўз ҳолига ташлаб қўймоқ, кўнгилсиз оқибатларга олиб келишини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Боланинг бегонаси бўлмайди, агар у жиноятга қўл урган экан, бунга энг бирламчи айбдор, унинг ота-онасидир,-дейди  шаҳар ИИБ  ҳуқуқбузарликлар профилактикаси  бўлими вояга етмаганлар   ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш гуруҳи катта инспектори Саодатхон Жўраева. Вояга етмаганларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириб, уларни тўғри йўлга солиш, адашганларни қайта тарбиялаш, жамият учун нафи тегадиган инсонлар қилиб тарбиялаш бизнинг энг бирламчи, асло кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифамиздир.

Саодатхон нафақат ишда пешқадам , балки оиласида ҳам уч нафар қоракўзнинг меҳрибон, оқила  онаси. У уларнинг халқ ишига камарбаста , Ватанига содиқ, юрт равнақи учун қайғура оладиган инсонлар бўлиб камолга етиши учун ибрат ва намуна бўла олади.

Нозимахон онажонисининг ички ишлар бўлими ходимлари формаси ярашган, қадди бастига меҳрла  тикиларкан,онажоним, мен ҳам келажакда худди сиз каби халқ ва давлат осойишталиги йўлида хизмат қилувчи ички ишлар бўлими ходими –мелиционер бўламан, деди шивирлаб.

 М.ОБИДЖОН қизи.

Д.РАҲМОНОВ

олган сурат.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube