ҲИММАТ КАМАРИН БОҒЛАГАНЛАР

Барчамизнинг ризқ-рўзимиз, оиламиз баракаси, турмушимиз фаровонлигига асос бўлувчи бебаҳо бойлигимиз миллатимиз ифтихори пахта хом ашёсидир. Бугун юртимизда пахта хирмони марра сари қад кўтармоқда. Бу борада шаҳримиздан кўнгилли бўлиб хашарчилар сони ҳам кундан кунга ортиб бормоқда.

Шаҳар ҳокими ҳузуридаги жамоатчилик Кенгаши аъзолари ҳам ўзларининг фидойилик фазилатлари билан меҳнаткаш бободеҳқонларимиз етиштирган пахтани нест-нобуд қилмай териб олиш борасида тарғибот- ташвиқот ишларини олиб бормоқдалар. Кўнгилли ҳашарчиларни пахтага сафарбар этишда фаоллик кўрсатмоқдалар. Бугун виждонли меҳнаткаш аҳоли қатламлари ўз ўрнини пахта даласида эканлик- ларини чуқур тушунган ҳолда вилоятимизнинг Қўштепа, Ёзёвон ва бошқа туманларининг пахта далаларида фидокорона меҳнат қилмоқдалар. Айниқса, ҳиммат камарини маҳкам боғлаган Марғилон шаҳар “Гўриаввал” МФЙдан 10 нафар 70-80 ёшли нуроний отахонларимиз маҳалла «Нуроний» Кенгаши раиси Илёсхон Ғозиев бошчилигида ўз ҳисобларидан транспорт ташкиллаб, Қўштепа тумани “Хамидулло-Ҳикматилло Қазақовлар” фермер хўжалигида пахта термоқдалар, уларни олқишлаб дуо қилиб, хирмонга барака тиламоқдалар. Ана шундай нуронийларнинг орамизда борлигидан ҳар қанча фахрланиб ўрнак олсак арзийди.

Муҳтарам Президентимиз айтганларидек, бугун барчамиз нуроний оқсоқоллар, мухтарам фахрийларимизга, мўътабар дуогўй онахонларимизга ишонамиз, эъзозлаймиз ва уларга суянамиз, уларнинг ҳар бир босган излари биз учун ҳаётий тажриба мактабидир. Вилоятнинг улкан хирмонини яратишда барчага ўрнак бўлаётган отахон- онахонларимизга, кўнгилли ҳашарчи опа-сингилларимизга соғлик-саломатлик, куч-қувват тилаймиз. Марра яқин, белгиланган улкан хирмон режасини ортиғи билан бажарилишига ишонамиз, дейди ҳиммати баланд нуронийларимиз.

 

Муҳаммаджон МИРЗАЕВ,

шаҳар ҳокими ҳузуридаги жамоатчилик Кенгаши раиси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube