Фарғона вилоятида 24 мингдан зиёд русийзабон аҳоли истиқомат қилади

Бугунги кунда Фарғона вилоятида 7 та миллий маданий марказ фаолият кўрсатмоқда. Барча миллат вакилларига ўз тили, урф-одат, анъана ва қадриятларини асраб-авайлаши, ривожлантириши учун тенг имкониятлар яратилган. 

«Наврўз», “Сабантўй”, “Масленица”, “Тано” каби байрам ва бошқа миллий маросимлар турли миллат вакиллари иштирокида кенг нишонланади.

– Вилоятимизда 24 мингдан зиёд рус миллатига мансуб ва русийзабон аҳоли истиқомат қилади, – дейди вилоят славян миллий маданий маркази раҳбари Галина Акопджанова. – Давлат ва жамоат ишларида фаол иштирок этаётган, юксак давлат мукофотларига сазовор бўлаётганлар орасида миллатдошларимиз ҳам кўплиги фахримизга фахр қўшади. Бу Ўзбекистонда барча миллат вакиллари учун тенг имкониятлар яратилгани самарасидир.

Марказимиз қошида ташкил этилган “Фантазия”, “Вдохновение” халқ ансамбллари, “Солнышко” болалар ансамбли вилоятимизда ўтказилаётган кўплаб маданий тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда. “Ўзбекистон – умумий уйимиз”, “Ватан ягонадир, Ватан биттадир”, “Қудратимиз бирлик ва ҳамжиҳатликда” фестивалларида совринли ўринларни қўлга киритдик. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бугун ҳар бир Ўзбекистон фуқароси, миллатидан қатъи назар, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий жараёнларда иштирок этаётир. Юрт равнақи йўлида қилаётган хизматлари давлатимиз томонидан эътироф этилиб, муносиб рағбатлантириб борилмоқда.

Марказимиз халқаро миқёсда ҳам ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Яқинда Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятида бўлиб ўтган дўстлик тадбирларида иштирок этдик. Марказимиз ва Ленинград вилояти «Дружба» уйи ўртасида ҳамкорлик шартномаси тузишга эришдик. Биз ўзаро миллий ансамбллар гастролларини уюштириш, таълим соҳасида тажриба алмашишни йўлга қўйиш, рус тили ўқитувчиларини Фарғонага муддатли ишга таклиф этиш каби аниқ масалалар белгиланган “йўл харитаси” ишлаб чиқдик.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг барча мамлакатлар, айниқса, қўшни давлатлар билан дўстлик ва яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш сиёсати юртимизнинг халқаро нуфузини юксалтириб, Ўзбекистоннинг ўзига хос “ташриф қоғози”ни мазмунан бойитмоқда. Албатта, буларнинг барчаси юртимиздаги тинчлик ва фаровонлик, миллатлараро тотувлик эзгу самарасидир.

М.Сулаймонов, ЎзА

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube