Россиялик экспертлар: “Марказий Осиёдаги геосиёсий вазият Ўзбекистоннинг дадил қадами билан мутлақо янгича тус касб этмоқда”

Мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона ички ҳамда ташқи сиёсат самаралари Россия матбуоти ва экспертларининг ҳам юксак эътирофига сазовор бўлмоқда. Президент Владимир Путиннинг юртимизга давлат ташрифи арафасида ушбу мамлакат сиёсий доиралари, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон мавзусига янада кенгроқ эътибор қаратяпти.

Россия Федерацияси Президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда Россия ва Ўзбекистон товар айирбошлаш ҳажмини жорий йилнинг ўзида 5 миллиард долларга етказиши мумкинлигини айтган.

Ю. Ушаковнинг фикрича, ушбу кўрсаткичга эришиш учун томонлар барча имкониятга эга. Президент ёрдамчиси 2018 йилнинг етти ойи мобайнида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2017 йилнинг шу давридагига нисбатан 32 фоиз ортганини қайд этиб ўтди.

Ўзбекистон ва Россия Президентларининг кутилаётган учрашувига тўхталар экан, расмий вакил икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича янги механизм ташкил этилишини алоҳида таъкидлади. Ушбу механизм Ҳамкорлик бўйича қўшма комиссия кўринишида шакллантирилиб, унга икки давлат Бош вазирлари раҳбарлик қилади.

Олий даражадаги музокараларда муҳокама қилинадиган мавзулар орасида Афғонистондаги вазият ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам алоҳида кўрсатиб ўтилди. Имзоланиши кутилаётган идоралараро, ҳукуматлараро ва тижорий ҳужжатлар Ўзбекистон — Россия алоқаларининг янги амалий мазмун билан бойишига хизмат қилади.

Ю. Ушаковнинг маълум қилишича, икки мамлакат раҳбарлари иштирокида қурилишига тантанали старт берилиши кутилаётган атом электр станциясининг қиймати 11 миллиард АҚШ долларига яқин бўлиб, биринчи энергоблок 2028 йили ишга туширилиши мўлжалланган.

“Московский комсомолец” газетасида Россиянинг Марказий Осиё сиёсатида Ўзбекистон ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани қайд этилади.

“Ўзбекистон минтақа давлатлари орасида иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича энг юқори кўрсаткичга эришмоқда. Табиийки, ушбу мамлакатга деярли барча хориж давлатлари катта қизиқиш билдиряпти. Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил май ойида Вашингтонга муваффақиятли ташрифни амалга оширди, Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўп миллиардлик сармоявий лойиҳаларни тасдиқлади, ноябрь ойида кутилаётган Инвестицион форум эса Ўзбекистон бозори учун бошланган рақобат майдонига айланади”, деб ёзади газета шарҳловчиси Сергей Вальченко.

Россиялик эксперт-таҳлил доиралари вакиллари Ўзбекистоннинг Москва ташқи сиёсатидаги ўрни ва аҳамияти кескин ортганини эътироф этмоқдалар.

Хусусан, Москва давлат халқаро муносабатлар институти Таҳлилий маркази директори, сиёсий фанлар доктори Андрей Казанцевнинг фикрича, Ўзбекистон минтақанинг марказий мамлакати бўлиб, аҳоли сони бўйича энг йирик давлатдир. Бунинг устига, у муҳим стратегик жойлашувга эга.

— Шу сабабли, Ўзбекистон билан яхши муносабатларни ривожлантириш Россия учун ниҳоятда долзарб аҳамият касб этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, ниҳоятда қисқа муддат мобайнида икки мамлакат алоқаларини мустаҳкамлаш учун катта ишларни амалга оширди, — дейди мутахассис.

Россия Фанлар академияси Кавказ ва Марказий Осиёни ўрганиш институти катта илмий ходими Александр Воробьевнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг Россия учун аҳамияти ортиб бораётир:

— Бошқа кўплаб мамлакатлар билан ҳамкорлик чекланиб бораётган бир пайтда Москванинг Тошкент билан алоқалари барча соҳада кенгайиб, ривожланиш тенденциясини намоён этмоқда. Иқтисодиёт дейсизми, хавфсизликми, гуманитар масалаларми, ҳамма йўналишда ўсиш кузатилаётир. Ушбу ижобий жараёнга ҳамкорликнинг қандайдир институционал форматлар билан чекланмасдан, икки томонлама асосда қурилаётгани ҳам кўмаклашмоқда.

Евросиё таҳлилий клуби эксперти Никита Мендковичнинг сўзларига қараганда, Марказий Осиёдаги геосиёсий вазият бугун Ўзбекистоннинг дадил қадами билан мутлақо янгича тус касб этмоқда.

Ўзбекистон нафақат минтақада энг кўп сонли аҳолига эга, балки транспорт йўлаклари кесишган нуқтадир, дейди мутахассис. Афғонистон билан бевосита темир йўл алоқасини йўлга қўйиб, республика қатор муҳим сиёсий ташаббусларни илгари сурди. Бу ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатиш жараёнида муҳим роль ўйнамоқда.

Шу мавзудаги фикрлари билан ўртоқлашар экан, Анъанавий маданиятлар маркази директори Александр Собянин “ўзбек дипломатияси” Афғонистонда ўзаро курашаётан барча томонлар билан мулоқот ўрнатганини юқори баҳолайди. Зеро, шу пайтгача “Толибон” ҳаракати ҳеч қайси давлатга ишониб, ўз вакилларини музокара ўтказиш учун юбормаган. Ўзбекистон бу маънода истисно бўлди. Республика тез орада толибонларни ҳам, афғон ҳукуматини ҳам музокаралар майдонига тўплашига шубҳа йўқ.

Сиёсатшунос Александр Хроленконинг таъкидлашича, Россия ва Ўзбекистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Президент Владимир Путиннинг давлат ташрифи мобайнида имзоланадиган ҳужжатлар эса икки томонлама алоқаларнинг амалий мазмун билан бойишига хизмат қилади.
Анвар МИРЗАЕВ
(“Халқ сўзи”) тайёрлади.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube