МУАММОГА ЕЧИМ ИЗЛАБ

Шаҳар марказий маданият уйида Ўзбекистон Республикаси ишчи гуруҳи вакилларининг шаҳримизда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари билан учрашуви бўлиб ўтди. Йиғилишда тадбиркорлар иш фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммо ва камчиликлар рўйи рост ўртага ташланиб, тезкор муҳокама этилди. Жойида бартарф этилиши мумкин бўлган масалалар юзасидан зарурий чоралар кўрилди. Унда Республика ишчи гуруҳи аъзолари, шаҳар ҳокими М. Убайдуллаев ҳамда шаҳримиздаги ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.


Йиғилишда “Зулфизар текс” МЧЖ раҳбари Н. Ҳасанов бир неча ойлардан буён суд қарори ижроси бажарилмаётганлиги, “Шохсанам ЛЮКС”  хусусий корхонаси раҳбари Н.Қодирова бузилган дўкони ўрнига ер ажратилмаётганлиги, “Омад Файз инвест” хусусий корхонаси раҳбари Т. Раҳимов болалар боғчаси қуриш учун имтиёзли кредит берилмаётганлиги ҳақида сўзлаб, Республика ишчи гуруҳи қатнашчиларидан ёрдам сўрадилар. Йиғилиш давомида “Шарқ аъло текс”, “Асл бўёқ”, “Синиорита” , “Марғилон сеткалари” каби корхона ва ташкилотларнинг раҳбарлари сўзга чиқиб, кредитлар ажратилиши, иссиқхонларга иссиқлик етказиб бериш, биноларни ижарага бериш хусусида тўпланиб қолган муаммолар юзасидан мурожаат этдилар.

Йиғилишда кўрилган масалалар ечимини таъминлаш юзасидан шаҳар мажбурий ижро бюросига, шаҳар Архитектурасига, шаҳар тижорат банклари ва шаҳар давлат солиқ идорасига, шаҳар электр таъминоти корхонасига ҳамда вилоят рақобат бошқармасига топшириқлар берилиб, тегишли вазифалар юклатилди.

Шунингдек йиғилишда тадбиркорлар ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар экспортинии амалга оширишда қулайликлар яратиш хусусида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Йиғилиш ишчанлик, холислик, ошкоралик, адолат ва ташаббускорлик руҳида ўтди. Зеро, тадбиркорлар юрт, давлат ва халқимиз таянчидир. Уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган ҳар қандай камчилик ва муаммоларга муросасиз бўлиш ва ўз ўрнида ҳал этиш давр талабидир.

Дилдорахон ДАВЛАТЁРОВА,

шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси.

Д.РАҲМОНОВ олган суратлар.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube