ИННОВАЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИ

Мамлакатимизда илм-фан тараққиётига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилни “Фаол тадбиркорлик инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланиши, илм-фан тараққиётига юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигининг асоси сифатида яратилаётган шарт-шароитлар, ғамхўрликлар бунинг амалий ифодаси бўлмоқда десак асло муболаға бўлмайди. Бу бизнинг табиий толалар илмий тадқиқот институтимизнинг сўнгги йиллардаги фаолиятида амалга оширилган янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнида ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев ўтган йили шаҳримизга ташрифи чоғида институтимизни замонавий мезонлар, халқаро талаб ва ички эҳтиёжларга тўла жавоб берадиган, илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш борасидаги изланишлар самарадорлигини янада юксалтиришга хизмат қиладиган намунавий илмий-тадқиқот марказига айлантириш вазифасини қўйган эди. Институтимиз олим ва тадқиқотчилари, мутахассис ва техник ходимлари зиммамизга қўйилган бу масъулиятли вазифаларни адо этиш, ипакчилик ва тўқимачилик корхоналари амалий фаолиятига замонавий технологиялар, илмий ишлаб чиқариш усулларини жорий этиш борасида астойдил изланиб меҳнат қилмоқдалар. Бунинг натижасида жадал инновацион ривожланишнинг муҳим омили сифатида институтимиз жамоаси “смарт” технологиялар ва нау-хау ишланмаларини кенг жорий этиш борасида тармоқ корхоналари, халқаро илмий-тадқиқот марказлари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жумладан, жорий йилда институтимиз базасида “Табиий толалар саноати инсон ресурсларини ривожлантириш инновацион саноат парки”ни ташкил этишга киришилди. Бу ло- йиҳани тўлиқ амалга ошириш энг аввало институт моддий техника базасини мустаҳкамлашга, янги иш ўринларини яратишга ва тармоқ корхоналарига энг сўнгги, замонавий ускуналар, маҳаллий илмий ишланмаларни кенг жорий этишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Зеро, айни шу лойиҳа доирасида бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ипакчилик ва тўқимачилик саноати корхоналарида энг замонавий технологиялар ва ишлаб чиқариш усулларини жорий этиш борасида амалий, аниқ тадқиқотлар кўлами бир мунча кенгайди. Хусусан ҳозир биргина “Бухоро бриллиант силк” корхонасида иккита йўналиш бўйича янги лойиҳалар ишлаб чиқаришга жорий этилмоқда. Бу ерда институтимизнинг Ғ.Валиев, М.Мирзаханов, О.Ахунбобоев, К.Қосимов, К.Каримов, З.Раҳмонов, Г.Шохўжаева, З.Зокирова сингари ўнлаб олим ва мутахассислари иштирокида табиий ипакдан янги турдаги кўйлак ва рўмолбоп газлама турлари ишлаб чиқариш ҳамда янги тўқима ассортиментларини яратиш ва уларни ишлаб чиқариш технологиялари амалий синовдан ўтказиляпти. Бу лойиҳаларни ишлаб чиқаришга тўлиқ жорий этилиши корхона экспорт салоҳияти сезиларли юксалтириш билан бирга тайёр тўқимачилик маҳсулотларига бўлган ички бозор эҳтиёжларини қондиришга ҳам хизмат қилади.

Бундай инновацион ғоя ва илмий ишланмалар асосидаги технология ва замонавий ишлаб чиқариш усуллари Тошкент, Фарғона, Андижон вилоятларида тармоқ корхоналарда амалиётга кенг жалб этилмоқда. Бир сўз билан айтганда миллий матоларимизнинг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини ошириш, юқори техноло- гияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, меҳнат унумдорлиги ва маҳсулот сифатини ўстириш, фаолиятимизнинг асосий мезони бўлиб қолмоқда. Зеро, инновация тараққиёт омили экан биз бу борада янада астойдил изланиб ишлашга мудом интиламиз.

 Улуғбек ОХУНБОБОЕВ,

ЎзТТИТИ директорининг инновацион ривожлантириш бўйича ўринбосари.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube