НОҚОНУНИЙ ДИНИЙ САБОҚ

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг барча соҳалар қатори динга ҳам кенг йўл очилди. Юртдошларимиз бутун республикамиз бўйлаб қад кўтарган масжидларда хотиржамликда жума намозларини бемалол адо этишмоқда. Айниқса муборак ҳаж ва умра зиёратига бориш истагида юрган минглаб инсонлар бугун ҳеч қандай тўсиқ ва муаммоларсиз қутлуғ каъба дийдорига тўйишдек мусулмон халқининг юрагидаги энг катта орзуларидан бирига эришмоқдалар.

 Дарҳақиқат, озод ва фаровон юртимизда бугун ҳар ким тили, дини, ирқи, миллатидан қатъий назар бир хил ҳуқуқ ва манфаатга эга. Бироқ орамизда шундай инсонлар борки дин ҳақида ҳали тўлиқ тасаввур ва керакли билим-кўникмаларга эга бўлмай туриб, “чаламуллалик” қилишмоқда.

Шаҳримиздаги Янги ҳаёт” МФЙда истиқомат қилувчи 1993 йилда таваллуд топган Ҳакимов Маъруфжон Маъмиржон ўғли ҳам ана шундайлардан бири. Маъруфжоннинг 2018 йил 4 июль куни Қўштепа тумани, “Қийқи” МФЙ ҳудудида жойлашган “Зомин” савдо дўконида махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ва ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз маҳалладошларига диний таълимотдан сабоқ бериб келганлиги аниқланган ва ундан “Муаллима соний” китоби ашёвий далил тариқасида олинган.

Суд-адабиётшунослик экспертизаси хулосасига кўра “Муаллима соний” китобчаси 2013 йил “Тошкент ислом университети” нашриёт матбуот бирлашмасида ўзбек ва араб тилларида чоп этилган бўлиб, унда араб алифбоси ва Қуръони карим ўқишини ўрганувчилар учун қўлланма эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Худди шунингдек Қўштепа тумани “Ўқчи” МФЙда яшовчи 1995 йилда туғилган Абдуллаева Ойдинхон Муҳидинжон қизи ҳам махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ва ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз маҳалладошларига диний таълимотдан сабоқ бериб келганлиги аниқланган ва ундан ҳам “Муаллима соний” китоби ашёвий далил тариқасида олинган.

Суд мажлисида О.Абдуллаева чиндан ҳам ўз хонадонида маҳалладош- лари вояга етмаган Х.Абдумуталипова ва Г.Абдумуталиповаларга диний таълим берганлиги Қўштепа туман ИИБ ходимлари томонидан аниқланган.

Ўтказилган иккала Суд мажлисларида айбланувчи М.Ҳакимов ва О.Абдуллаевалар ўз айблариига иқрор бўлиб, чиндан ҳам ҳеч қандай рухсатсиз вояга етмаган шахсларга  диний таълим берганликлари, ўзи диний таълимотга эга эмаслиги, қилган ишларидан қаттиқ пушаймонликларини маълум қилиб, суддан енгиллик беришни сўрадилар.

Бироқ сўнгги пушаймон ўзингга душман. Суд ҳуқуқбузарлар М.Ҳакимов ва О.Абдуллаеваларга жазо тайинлашда жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида уларнинг шахси, ёши, қилмишидан қаттиқ пушаймонлиги, моддий аҳволи, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини ҳисобга олган ҳолда М.Ҳакимовни Ўзбекистон Республикаси ЖтКнинг 241-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 5 (беш) баравари миқдорида, яъни 861.200 сўм, О.Абдуллаевага эса Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 241-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 1 (бир) баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Абдубанноб МАНСУРОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube