Халқаро  экспертлар эътирофи

Ҳар йили гўзал ва ҳамиша навқирон атласу адраслар, сержило ипаклар макони Марғилонимизда “Атлас байрами” халқаро анъанавий фестивали байрамона, тантана-ю шодиёна тарзида бўлиб ўтаётир.

Кечагина шаҳарнинг ҳунармандлар марказида бошланган байрамнинг тўртинчи фестивали бугун тонгда шаҳримизнинг энг сўлим ва мафтункор гўшаси ижодкорлар боғига кўчди. Муҳташам ижодкорлар боғининг Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг мажлислар залида ЮНЕСКОНИНГ “Ипак йўли интерфаол харитаси” номли лойиҳаси доирасида бошланган ипак йўли бўйича халқаро экспертлар учрашуви анъанавий халқаро атлас байрамининг аҳамияти ҳамда келгусида амалга ошириладиган ишлар ва ўзаро ҳамкорлик масалаларига бағишланди.

— Ўзбекистоннинг атлас байрами ўзига хос, бетакрор ва гўзал. Марғилон ҳам жуда чиройли ва мафтункор шаҳар экан. Бу шаҳарда ипакчилик саноати жуда ривожланган, ҳунармандлари ҳам тўқимачиликда беназир эканлар, — дейди испаниялик меҳмон, фестиваль иштирокчиси Анник Тебия. — Учрашувда ўндан зиёд мамлакат экспертлари иштирок этиб, ўзаро тажриба алмашдик. Ипакчилик истиқболлари хусусида суҳбатлашдик. Фикрлар хилма-хил, мақсадимиз эса ягона. Дунё ва ўзбек ипакчилик ва тўқимачилик саноатини ривожлантириш.

— Мен бу анжуманга Хитой Халқ Республикасидан келганман. Камбоджа, Индонезия, Туркия мамлакатларидан келган ҳамкасбларим билан суҳбатимиз анчайин қизиқарли кечди, — дейди Янг Жоу. Ипак матолари ҳақиқатдан ҳам жуда нафис. Худди камалак рангларидек ранг-баранг. Мен келгуси йили ҳам албатта, атлас фестивалига келаман.

Учрашув давомида “Атлас байрами” анъанавий тўқимачилик фестивали иштирокчилари Ипакчилик саноати ривожи ва ипак йўли, унинг бугуни ва келажаги хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. “Ипак йўли — интерфаол харитаси” лойиҳаси доирасидаги анжуманнинг асосий моҳияти ипакчилик ва ипак матоларининг эртанги истиқболига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

 Мастурахон САИДМУРОДОВА

Д.РАҲМОНОВ олган сурат.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube