30 йиллик орзуим ушалди

Бу Марғилон шаҳрида бошланган “Атлас байрами” анъанавий тўқимачилик фестивали иштирокчиси мўғулистонлик дизайнер Сен Батсаханнинг сўзлари. 

– Авваламбор, мен ташкилотчиларга мана шундай ажойиб байрамни ташкил қилгани учун миннатдорлик билдираман, – дейди С.Батсахан. – Мазкур тўқимачилик фестивали биз, иштирокчиларда катта таассурот қолдирмоқда. Қўли гул марғилонлик уста ҳунармандларнинг санъат асарларига ҳар қанча таъриф оз. Мен ўзим талабалик йилларимдан Ўзбекистонга, хусусан. Марғилонга келишни ва бу ердаги ҳунармандлар ҳаёти билан яқиндан танишишни орзу қилар эдим. Мана орадан 30 йил ўтиб орзуим “Атлас байрами” баҳонасида ушалганидан хурсандман. Тадбир доирасида ўтказилаётган маҳорат дарсларида мен барча қизиқувчиларга кигизчиликдан сабоқ бермоқдаман.

Мамлакатимизда асосан Қашқадарё ва Сурхондарёлик ҳунармандлар кигизчилик билан шуғулланади. Улар томонидан кигизчиликнинг йўқолиб бораётган нусхаларини тиклашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур маҳорат дарсларида кийгиз тайёрлашнинг ҳар бир жараёни ҳунармандларга тушунтирилмоқда.

– Бугун табиий жун ва пахтадан тўқилган гилам ва кигизларимизга чет элликларда ҳам қизиқиш уйғонмоқда, – дейди қашқадарёлик ёш ҳунарманд Жасурбек Дўсёров. – Азалдан бизда гиламнинг араби, ғажари, терма, еттиипли, сатранж, чархпалак, қоқма, бахмали, буғжама, бурама, сил-сила, арча гулли, мапраж, жулхурс, қиз гиламлари каби турлари, пойандоз, жойнамоз, яктак нимча кабиларни тикишни ўргатишган. Хусусан, жундан тайёрланадиган кийгиз ҳар томонлама фойдали. Кигизга гул бостириш мароқли ва тез битадиган иш. Уни тайёрлаш жараёни қизиқарли. Гул кийгиз бошқа гиламлар сингари кўп вақт тўқилмайди, аввал жун титилади, сўнг эса табиий рангларга бўялади. Бўёқлар анор пўчоғи, ўрик томири, ёнғоқ, пиёз пўстлоқлари сингари турли ўсимлик, дарахт ва ўт-ўланлардан олинади. Шу жараёнда янги ранглар кашф этилади. Турли рангларга бўялган жун калавалар қўлда енгилгина эшилиб, улар ёрдамида шундай чиройли нақшлар ясаладики, кўриб ҳайратланасиз. Афсуски, бугунги кунда кигизчилик билан юртимизда кам киши шуғулланмоқда. Мана бундай тадбирлар эса, бу ҳунар турини янада қайта кашф этилишига хизмат қилади.

Марғилон шаҳрида бошланган “Атлас байрами” анъанавий тўқимачилик фестивали доирасида ўтказилаётган маҳорат машғулотлари, тренинглар барчада катта қизиқиш уйғотмоқда.

Мазкур амалий тренингларда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган юзга яқин ҳунармандлар ва тадбиркорлар иштирок этмоқда. Хориждан келган машҳур дизайнерларнинг сабоқларида эса ёш ҳунармандларимиз фаоллиги ва иқтидорини намоён қилмоқда. Машғулотларда иштирокчилар анъанавий каштачилик, кигизчилик, миллий ҳамда замонавий дизайн бўйича атрофлича билим ва маълумотларга эга бўлмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube